МОЗИЙНИНГ МУБОРАК САҲИФАЛАРИ

Мамлакатимиз ўзининг бебаҳо маданий мероси билан нафақат кўҳна  Шарқ, балки жаҳон тамаддунининг  бешиги саналади.

Айниқса қадимий ёзма манбаларимиз ноёб ва нодир обида сифатида дунёнинг энг нуфузли музей ва кутубхоналарида сақланаётгани халқимиз ақл-заковати, нозик фасоҳатидан дарак беради.

Бугунги кунда  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган араб, форс, эски ўзбек тили ва бошқа Шарқ тилларида битилган 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоб ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлардан иборат фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳам маданий меросимиз хазинасининг қимматини белгилайди.

Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳадаги олиб борилаётган изланишларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди.

Зеро қарорда миллий ўзликни англаш, улкан ёзма меросни асраб-авайлаш, бойитиш ва тадқиқ қилиш ҳамда маданий ва маънавий қадриятларни оммалаштиришга оид қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди. Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки бугунги кунда аҳоли қўлида сақланаётган ноёб қўлёзмалар, тошбосма китобларни тўплаб уларни ўрганиш, ўзбек тилига ўгириш ва табдил этиш, тарихимизга оид жумбоқларни очишда кенг имконият яратади.

Юртимизнинг қайси ҳудудига йўлингиз тушмасин, зиёратгоҳлар, мақбаралар, кўҳна бинолар пештоқларидаги битикларга, қабртошдаги ёзувларга кўзингиз тушади. Лекин уларни соҳага доир мутаҳхассис ёрдамисиз ўқий олмаймиз. Демак, қарор ана шу ёзма ёдгорликларни ўқиб-ўрганиш ва татқиқотлар яратиш имконини ҳам беради.

Ўрта асрларда яратилган бадиий адабиёт намуналари қўлёзмалари, уларнинг четига ҳошия сифатида битилган ҳаттотлик санъати намуналари ҳар қандай кишини ҳаяжонга солади. Яқинда бир кекса отахон таҳририятимизга мурожаат қилиб уйида “Бобурнома” китобининг қўлёзма нусхасини сақланаётгани, уни ўқишга “тиши ўтмаслиги”ни билдирди. Биз отахонга қўлёзмани музейга топширишини тавсия қилдик.

Музейимиз қўлёзмалар фондида сақланаётган 2 мингдан зиёд қўлёзма васиқалар аксарияти аҳоли томонидан топширилган манбалар саналади, – дейди вилоят ўлкашунослик музейи директори Баҳодиржон Ҳошимов. – ХV-ХIХ асрга тегишли бу манбалар Қўқон хони Худоёрхон, Шералихоннинг муҳри босилган ер ҳужжатлари ва бошқа мазмундаги хатлардан иборат бўлиб улар тарихий ҳақиқатларни ўрганишда муҳим омил бўлади. 100 дан ортиқ тошбосма асарлар қўлёзмалари музейимизнинг энг қимматбаҳо экспонатлари сифатида сақланмоқда. Президентимизнинг ушбу соҳага оид қарори музейимизда қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш борасидаги ишларимизда, аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб бориб, ноёб ёзма ёдгорликларни тўплаб уларни ўрганишда янги бир йўналишни очиб беради.

Шу ўринда тарихнинг аччиқ тажрибаларини эслаб ўтишнинг мавриди келди. Тарихдан маълумки қадим Турон китобат дунёсига бой бўлган, дунёга неча-неча алломаларни етиштириб берган замин ҳисобланади. Буюк мутаффаккирлару шоирларнинг шоҳ саройларида талаби мақсудлари сўралганда улар олтину кумуш, жавоҳирлар ўрнига сарой кутубхоналаридан фойдаланишни ихтиёр этганлар. Дунёни илм нури билан ларзага солган “Байтул ҳикма” кутубхонасида ҳам аждодларимиз мутолаа дунёсига ғарқ бўлганлар, оламшумул кашфиётлар яратганлар. ХV асрдан бошлаб юртимизда ҳаттотлик санъати равнақ топди. Райҳоний, куфий, настъалиқ хатларида буюк мутаффаккирларнинг девонларидан нусха кўчириш ишлари жадаллашди. Ота-боболаримизнинг мўъжаз кутубхоналарида ана шу китоблар кўз қорачиғидек асралган. Улар китобларни нондек азиз билиб ўпиб, кейин пешоналарига суртганлар. Халқнинг беназир бу фазилати авлоддан-авлодга ўтиб бизгача мерос қолди.

Буюк ипак йўлидан карвонлар ўтиб бораркан, туяларга бир фозил кишининг тўрт мингта  китоби юклангани ҳақида элчи хабар топади. Шунда мамлакат подшоҳи карвон томонга қўриқчиларини юборади. Карвонни беталофат саройга олиб келишларини буюради.

Тарихий манбаларда қайд этилишича табобат султони Абу Али Ибн Сино 450 китоб ёзиб қолдирган. Абу Наср Фаробийнинг 160 дан ортиқ асарлари бизгача етиб келмаган. Абу Райҳон Беруний китобларини араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон тилларида ёзган. Ҳиндистонга бориб санскрит тилини ўрганиб асарлар ёзган.

Бироқ асрлар тўфонида, жангу жадал, қирғинбарот урушларида, турли ғаразли кучлар таъсирида китоблар ҳам вайроналар остида қолиб кетган.

Яқин ўтмишда, айтайлик 20 йиллардан бошлаб то Иккинчи жаҳон уруши йилларига қадар халқимиз араб алифбосига асосланган эски ўзбек ёзувидаги  китобларни деворлар орасига яширган, қабристонларга кўмиб ёки ёқиб юборишгача етган. Қанчадан –қанча нодир китоблар, гўзал ҳаттотлик усулида битилган девонлар мустабид тузум тазйиқи остида йўқ қилинди. Тадқиқотчиларнинг фикрича биргина Салтиков-Шедрин номидаги кутубхонада сақланаётган қўлёзма манбаларнинг 90 фойизи Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилган китоблар ташкил қиларкан.

Ўша даврларда айрим китоблар сандиқларга солиниб, томларга яширилиб жуда эҳтиёткорлик, эъзоз-икром билан сақланиб қолганлигини эътироф этиш керак, – дейди вилоят адабиёт музейи илмий ходими, филология фанлари номзоди Абдуллатиф Турдалиев. – Музейимиз фондида шоир Яссавийнинг ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган 11 та шеърий қўлёзмаси сақланаётгани ҳам халқимизнинг маданий меросимизга бўлган чексиз ҳурматини ифода этади. Алишер Навоийнинг 41 та қўлёзма асарлари нусхалари жой олган. 2 мингдан зиёд 1434 йилга тааллуқли форс тилидаги ҳадислар шарҳи, Нажмиддин Розийнинг “Мирсод-ул-ибод” номли форс тилидаги ноёб қўлёзма асари, Абдураҳмон Жомийнинг “Ҳафт авранг” асари музейнинг энг бебаҳо мероси саналади. Қўқон адабий муҳитида ижод қилган шоирларнинг  дастхатлари, китоблари ҳам музей залларидан муносиб ўрин олган.

Шу кунларда қарор талабларидан келиб чиқиб 100 га яқин қўлёзмаларни реставрация қилиш, яроқли ҳолга келтириш ва сақлаш борасида шароит яратиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Тарихий ёзма манбалар тарихимиз кўзгуси, миллий маънавиятимиз ўзаги, қадриятларимиз тимсоли. Президентимизнинг бу борадаги қарори нафақат китобсеварлар, балки мактаб ёшидан тортиб талабагача, ишчи-хизматчи, миллий қадриятларимизни эъзозлаётган барча инсонлар қўлёзма манбалар, ёдгорликларни ўқиб, ўрганишга ҳақли эканини исботлайди. Зотан, шу муқаддас юртда туғилиб ўсаётган, умргузаронлик  қилаётган кишилар Ватаннинг ҳар бир муждасига эъзоз-эҳтиром кўрсатишлари керак.

 

You must be logged in to post a comment Login