ТАДБИРКОРЛИК СОҲАСИ ПРЕЗИДЕНТ ҲИМОЯСИДА

PrezidentЎзбекистонда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларидан бири ҳисобланган – ҳар бир шахснинг мулкдор бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, уни ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш ва ҳимоя қилиш масалаларига давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида жиддий эътибор қаратилмоқда.

2016 йил 5 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармоннинг имзоланиши мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Фармонга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади.

2016 йил 29 декабрда янги ва долзарб аҳамиятга эга бўлган – «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

2017 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирган Қонун асосида амалдаги 8 та қонун ва 5 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган янгиликлар ўз моҳиятига кўра, мамлакатимизда хусусий мулк ҳуқуқи ҳимоясини ҳар томонлама мустаҳкамлашга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтиришга ва мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга йўналтирилган.

Қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 45-моддаси 5-қисм билан тўлдирилган бўлиб, бундан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланмаслиги, бундан одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳоллар мустасно эканлиги қатъий белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 180, 181, 1811-моддалари учинчи қисм билан тўлдирилиб, унга кўра, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши кўрсатилди.

Кодекс 188-моддаси эса иккинчи қисм билан тўлдирилиб, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланди.

Кодекснинг 189-моддасига киритилган қўшимчага мувофиқ биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши назарда тутилди.

Мухтасар қилиб айтганда, бугунги кундаги тадбиркорлик соҳасини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотлар замон ва бозор иқтисодиёти талабларига мос олиб борилаётганлиги ҳамда мазкур йўлда вужудга келадиган барча муаммоларни тегишли тартибда ҳал этиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи ва бошқа ваколатли давлат органларининг асосий вазифалардан биридир.

 

 

You must be logged in to post a comment Login