“ҚЎҚОН” ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ ИҚТИСОДИЁТНИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРАДИ

qo'qonФарғона вилоятида замонавий саноат тармоқларини ривожлантириш, халқаро бозорда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилиш тизимли равишда давом эттириляпти.

Экспорт қилувчи корхоналар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятига кенг жалб этилаётгани самарасида Фарғона вилоятининг бу борадаги салоҳияти муттасил ошиб бормоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Қўқонда эркин иқтисодий зона барпо этилаётганлигидан хабарингиз бор.

Фарғона вилоятига ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари ушбу ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар билан танишиб, иқтисодий зонага хорижий технология ва инвестицияларни жалб этиш, талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш чора-тадбирларини белгилаш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.

Бу борада Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 апрелдаги ҳамда вилоят ҳокимининг шу йил 17 апрелдаги, 2017 йил 15 майдаги қарорлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2017-2019 йилларда “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарининг транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори тасдиқланди.

Унга асосан вилоят ҳокимининг қарори қабул қилиниб, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантиришга тегишли ташкилот ва идораларга зарур маблағлар ажратиш вазифаси юклатилди.

“Қўқон” эркин иқтисодий зоналарининг маъмурий биноси қурилиши бошланди. “Қўқон лойиҳа” МЧЖ лойиҳачи бўлиб, ҳозирги кунда “ХИКМК-296” МЧЖ томонидан бинонинг пойдевор қисмига бетон қуйиш ишлари олиб борилмоқда.

Инвесторлар томонидан тайёрланиб дирекцияга топширилган 10 та мурожаат – ҳужжатлар тўпламини Ўзбекистон  Республикаси Инвестиция Давлат қўмитасига юборилди.

Эркин иқтисодий зонада “Саховатли замин диёри” МЧЖ томонидан мева ва сабзавотларни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилади. Унинг қиймати 2,3 млрд. сўмни, яратиладиган иш ўрни эса  35 тани ташкил этади.

“SOFIYA TRADING” МЧЖнинг болалар тагликлари ишлаб чиқариш бўйича қиймати 2,8 млрд. сўмлик лойиҳаси натижасида  25 та ишчи ўрни яратилади.

“ERKOC TEXTILE GROUP” корхонаси томонидан эса тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилади. Лойиҳа қиймати 67,5 млн. АҚШ долларлик бўлиб,  яратиладиган иш ўринлари 440 тадан иборатдир.

Чарм-пойабзал йўналишида “Қўқон чарм-пойабзал сервис” МЧЖнинг полиуритан, яъни оёқ кийимлар учун тагликлар ишлаб чиқаришни ташкил этишга доир лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда йилига 3 минг тонна маҳсулот тайёрланади. 30 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа 2017-2018 йилларда амалга ошса, 200 та янги ишчи ўрни яратилишига эришилади.

Енгил саноат йўналишидаги янги лойиҳалардан яна бири “Rayora textile” қўшма корхонасидир.

–  8 миллиард 300 миллион сўмлик, йилига 500 минг дона  тикувчилик маҳсулотлари, мато тайёрлаш ва 5 миллиард 300 миллион сўмлик, енгил саноат маҳсулотлари учун бўёқлаш жараёнида ишлатиладиган 30 минг тонна элементлар ишлаб чиқаришга қаратилган 2 та лойиҳамиз “Микророкредитбанк” ҳамда Туркиянинг “Гучли текстил гроуп” компанияси томонидан молиялаштирилиши режалаштирилган, –дейди “Rayora textile” МЧЖ раҳбари Рашид Шаматов. – 2018 йилнинг 3-чорагида ишга тушиши мўлжалланаётган янги корхонамизда 252 нафар ишчи меҳнат қилади.

Дарҳақиқат, мазкур лойиҳалар вилоят экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда алоҳида аҳамиятга эгадир.

 

You must be logged in to post a comment Login