Сабина Шарипова – “Fergana Women’s” халқаро теннис ғолиби бўлди

121

Фарғона кортларида 16 июндан старт олган мусобақанинг финал учрашувларини дастлаб, “Fergana Women’s” баҳсларида иштирок этаётган аёл теннисчилар бошлаб беришди. Якунловчи учрашувда ғолиб бўлиш ниятида кортга чиққан мамлакатимиз теннисчиси Сабина Шарипова Россия вакиласи Елена Рибакинани қабул қилди. Дастлабки сетда 6-4 ҳисобида мағлубиятга учрата олган мамлакатимиз теннисчиси, иккинчи сетни ҳам ўз фойдасига ҳал қилишнинг уддасидан чиқди. Кучли қаршиликларга бой бўлган учрашувда 7-6 ҳисоби қайд қилиниб, Сабина Шарипова “Fergana Women’s” халқаро турнири ғолибига айланди.

Сабина Шарипова, халқаро теннис турнири ғолиби: – Менда Фарғона кортларида ўтказилган турнир жуда катта таассуротлар қолдирди. Мен бу ерга ҳар доим келганимда жуда эркин ва ишончли ўйнашга ҳаракат қиламан. Айниқса, ўз уйингда ўтказиладиган турнирда ғолибликка эришганинг ҳар қандай кишига катта завқ улашади. Бу йил жуфтлик баҳсларида иккинчи ўринга сазовор бўлган бўлсам, яккалик беллашувларида биринчи ўрин соҳиби бўлдим. Хусусан менинг ҳам бугун қувончим чексиз. Турнир ташкилотчиларига алоҳида миннатдорчилик билдираман. Энди мен Германияда ўтказиладиган мусобақада ҳам иштирок этиб, мамлакатимизга навбатдаги кубогни олиб келишга ҳаракат қиламан.

Куннинг иккинчи ярмида ўтказилган учрашув эса “Fergana Challenger” турнири ғолибини аниқлаб берди. Унда беларуссиялик Иля Ивашка, сербиялик теннисчи Никола Милоевич билан баҳс олиб борди. Икки сет давом этган қизиқарли беллашув ҳар иккала спортчининг ҳам имконияти юқори даражада эканлигини яна бир карра амалда ифодалаб берди. Ҳар иккала сетни ҳам ўз фойдасига ҳал қилишнинг уддасидан чиққан Иля Ивашка 6-4. 7-6 ҳисоби билан турнир ғолибига айланди.

Иля Ивашка, турнир ғолиби (Белоруссия): – Мен бугун жуда хурсандман. Сабаби турнирда ғолиб бўлиш ҳар бир спортчига катта завқ бағишлайди. Тўғрисини айтсам, дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилган халқаро турнириларда иштирок этиб, салмоқли натижаларни қайд қилганман. Шундай бўлсада, менда ҳар сафар Фарғонанининг оби ҳавоси, чиройли кортлари, яратилган шароитлар ва спортчиларга бўлган эътибор катта таассуротлар қолдирди. Мен шу ўринда турнир ташкилотчиларига ҳам миннатдорчилик билдирмоқчиман. Кейинги мақсадим Уимбулдон турнирида иштирок этиб, яхши натижаларни қайд этиш.

Турнир якунида мусобақанинг тантанали ёпилиш маросими ўтказилди. Унда сўз олганлар Фарғонада ташкил этилаётган бу каби турнирилар хорижлик спортчилар билан бирга мамлакатимиз теннисчиларининг маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлашди. Ҳамда турнир ғолиблари ва ҳакамларга ўзларининг самимий миннатдорчиликларини билдиришди. Турнирда биринчи ва иккинчи ўринга сазовор бўлган спортчиларга миллий қадриятларимизни ўзида ифода этувчи эсдалик совғалар ҳамда турнир кубоклари тантанали вазиятда топширилди. Шунингдек, мусобақа ҳакамлари ва уни юқори савияда ўтказиш учун яқиндан кўмаклашганларга ҳам ҳомийларнинг мукофотлари тақдим этилди.

You must be logged in to post a comment Login