ИРОДА ТЎЛАГАНОВА ЁШ ТЕННИСЧИЛАРГА МАҲОРАТ ДАРСИ ЎТКАЗДИ

ирода

Фарғонада ҳар йили ташкил этилаётган халқаро теннис турнирларида дунёнинг кучли ракетка усталари иштирок этишиб, ўз имкониятларини намойиш қилишмоқда. Эътиборлиси шундаки, турнирда қатнашаётган теннисчилар фарғона кортларида нафақат баҳслашиш балки ўзаро тажриба аламашиш имкониятига ҳам эга бўлишмоқда. Қолаверса, фарғоналик ёш умидли теннисчилар иштирокида ўтказилаётган маҳорат сабоқлари эндигина теннис оламига кириб келаётган спортчиларнинг хавас ва интилишлари орттирмоқда. Жорий йилги ўтказилаётган “Fergana Challenger” ҳамда “Fergana Women’s” баҳсларида ҳам жаҳоннинг кўзга кўринган теннисчисилари Блаз Кавчич, Александр Кудрявсев, Вера Званарёва сингари 100 дан зиёд спортчилар қатнашишмоқда. Айниқса, турнир давомида таниқли спортчилар билан бирга вилоят теннис мактаби тарбияланувчилари иштирокида ташкил этилаётган маҳорат сабоқлари ёш умидли теннисчиларга олам-олам таассуротлар ҳадя этмоқда.  Ана шундай машғулотларнинг бирида ўғил-қизлар Россиялик таниқли теннисчи, ўз даврида дунёнинг кучли ракетка соҳибасига айланган Вера Званарёва ҳамда кўп карра халқаро мусобақалар совриндори, “Уимблдон” турнири ва АҚШ очиқ чемпионати ғолиби, Осиё чемпиони ва бутунжаҳон ўсмирлар ўйинларининг бронза медали соҳиби Ирода Тўлагановларнинг машғулотларидан баҳраманд бўлишди. Маҳорат дарслари давомида ўқувчи ёшлар турли кўринишдаги интерактив ўйинлар орқали теннисга оид билим ва кўникмаларини олишди. Уларнинг машғулотлардаги фаол иштироклари Вера Званарёва ҳамда Ирода Тўлагановаларнинг диққат-эътиборини тортди.

Чиндан ҳам таниқли теннисчилар билан бир кортда ўйнаш ёки улардан маҳорат сабоқларини олиш ёш спортчиларга катта завқ бағишлаши шубҳасиз. Чунки аввало бу каби машғулотлар умидли спортчининг теннисга оид билим ва кўникмасини ошириш билан бирга, унинг мазкур спорт турига бўлган қизиқиш ва иштиёқини янада кучайтиради. Фарғона кортларида ташкил этилган маҳорат сабоқларидан кўзланган мақсад ҳам аслида ана шу. Умид қиламизки, келгусида фарғоналик ўғил-қизлар халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган машҳур спортчилар бўлиб етишиб чиқишади.

You must be logged in to post a comment Login