ЯНА СИЗИКОВА (РОССИЯ): НИЯТИМ ТУРНИР ҒОЛИБАСИГА АЙЛАНИШ

khal_aro_turnirlar_boshlandi

Фарғона кортлари мезбонлик қилаётган халқаро теннис турнирининг ҳар бир куни ракетка усталарининг қизғин баҳслари ва чиройли томошабоп ўйинлари билан мухлису мутахассисларнинг эътиборини тортмоқда. Жорий йилги ташкил этилган беллашувларга ҳам пухта тайёргарлик кўриб келган спортчилар тўплаган тажрибаларини амалда қўллаб, ғолиблик учун баҳс олиб боришяпти. Эътиборлиси шундаки, фарғонада мазкур мусобақага қилинган тараддуд бугун мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган спортчилар, мураббийларда катта таассуротлар қолдирмоқда.

Emiliano Zanon, суппервайзер: – Чиндан ҳам бу йилги турнирга келган спортчилар жуда маҳоратли ва иқтидорли теннисчилар таркибига киришади. Ва бу ўз навбатида мусобақанинг муросасиз ва қизиқарли ўтишини таъминлайди. Фарғонада еттинчи бор ташкил этилган “Fergana Women’s” баҳсларига жуда қизғин, юқори савияда тараддуд кўрилган. Айниқса, Фарғонада олиб борилган бунёдкорлик, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳаммамизни беҳад қувонтиряпти. Биз бўш вақтларимизда шаҳар айланиб, гўзал манзараларнинг гувоҳига айландик. Бу юртингизда тараққиёт ҳамда тинчлик хукмронлигидан далолат беради. Менинг бу ерга қилган сафарим биринчиси бўлсада, олам-олам таассуротлар олмоқдаман. Келгусида ҳам юртингизда ўтказиладиган турнирларда иштирок этишга ҳаракат қиламан.

Навбатдаги кун баҳсларини ҳам аёл теннисчилар бошлаб беришди. Биринчи кортда кечган беллашувда ҳамюртимиз Сабина Шарипова мамлакатимиз теннисчиси Шаҳноза Хатамова устидан ишончли ғалабага эришди. Фақатгина битта сетни ўз фойдасига ҳал қила олган Шаҳноза кейинги сетларни бой берди. 6-2, 2-6, 6-3. Навбатдаги кортда ўтказилган учрашув ҳам ҳамюртларимиз иштирокида бўлиб ўтди. Унда тажрибали теннисчи Нигина Абдураимова Ясмина Каримжоновани қабул қилди. Кучли ҳаракат ва хужумкор ўйин намойиш қилган Нигина рақибини 6-1, 6-1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ҳиндистонлик Прерна Бхамбри ҳамда россиялик Яна Сизиковалар ўртасида кечган қизиқарли беллашувда эса Яна Сизикованинг қўли баланди келди. 6-1, 6-0 Яна Сизикова фойдасига.

Яна Сизикова, иштирокчи (Россия): – Мен Ўзбекистонда, хусусан Фарғонада ўтказиладиган турнирларда мунтазам иштирок этишга одатланганман. Чунки бу ердаги шароит, замонавий корт, самимий одамлар менда илиқ таассуротлар қолдирган. Эътиборлиси бу ердаги бўлиб ўтадиган беллашувларга ҳам кучли теннисчилар келишади. Ва биз бу ерда нафақат баҳслашиш, балки тажриба алмашиш имкониятига эга бўламиз. Ҳозир мен ўтказилган учрашувда ғалабага эришдим. Ниятим турнир ғолибасига айланиш.

“Fergana Challenger” баҳслари ҳам барчанинг диққат эътиборини тортмоқда. Асосий кортда белоруссиялик теннисчи Иля Ивашка япония вакили Шуичи Секигучини қабул қилди. Икки сет давом этган учрашувда Иля Ивашканинг қўли баланд келди. Таблода қайд этилган 6-2, 6-2 ҳисоби унга ғалаба олиб келди. Шунингдек, сербиялик Никола Милоевич ҳамда мамлакатимиз спортчиси Санжар Файзиев иштирокида ўтган беллашувда Сербия вакилининг омади келди. Фақатгина битта сетни ўз фойдасига ҳал қила олган Санжар қолган икки сетни бой берди. 7-6, 3-6, 7-6 Милоевич фойдасига. Яна бир учрашувда ўзаро баҳс олиб борган ҳамюртимиз Сергей Фомин ва Канада вакили Брайден Шнур 6-1, 6-3ҳисобида муғлубиятга учради.

You must be logged in to post a comment Login