Давлатимиз герби – мустақиллик рамзи

GerbБу йил Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганлигига 25 йил тўлади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, гербнинг яралиши антик даврга бориб тақалади. Ўзбек халқининг миллий ифтихори бўлган Амир Темур давлатининг ҳам ўз герби бўлган. Унда уч ҳалқа тасвири туширилган бўлиб, бу Амир Темурнинг уч иқлимда яъни, Шимолий, Жанубий ва Ғарбда ҳукмрон эканлигининг ишораси эди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербида юртимизнинг улуғвор тоғлари, жўшқин дарёлари, захматкаш бободеҳқонларимиз меҳнати орқали яратилаётган буғдой бошоқлари, мамлакатимиз ифтихори бўлган олтинга тенг ғўза чаноқлари, она-заминимизга бобоқуёш ўзининг беғубор нурларини сочиб тургани ўз аксини топган. Гербимизнинг юқори қисмидаги саккиз қиррали юлдуз тасвирида эрк ва тўкис саодат маъноси мужассам. Бахт ва эрксеварлик рамзи – қанотларини ёзиб турган хумо қуши, муқаддас ранглар уйғунлигидаги “Ўзбекистон” сўзи  тарих саҳнида ўтмиши ва келажаги буюк давлат, ҳамиша манглайи порлоқ элнинг барҳаёт эканлигидан дарак бериб туради.

Мустақиллигимиз туфайли ўзбек халқи ўз тилига, тарихни холис ўрганишга, миллий ва маданий мероси, айниқса, гербимиз сингари давлат рамзларига эга бўлишга, миллий қадриятларини қайта тиклашга эришди. Бу эса халқимиз маънавиятининг бойишига, миллий ғурурнинг юксалишига муҳим ижтимоий-сиёсий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, халқимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига она юртга муҳаббат, истиқлолимизга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш, давлатимиз рамзларини ҳурмат қилиш, ўзи туғилиб ўсган она заминни эъзозлаш ва уни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.

Давлат герби – мамлакат фуқаролари учун муқаддас ҳисобланган қутлуғ рамздир. У юрагида Ватан туйғуси бор ҳар қандай кишида она юртга меҳр уйғотади.

 

You must be logged in to post a comment Login