Она қалби остидаги аллома

Жажжи Исмоилнинг кўзлари ожиз эди. Аммо она Оллоҳдан ҳар нафасда нажот кутарди.

Дилбанди уч ёшга етганда унинг қўлчаларидан тутиб олиму муҳаддисларнинг илм мажлисларига етаклаб олиб борарди. Ўзи остонада қолиб боласини ичкарига киритиб юборарди. Гоҳида юмушлари кўплигидан кўча эшиги олдига олиб чиқиб қўярди: “Болажоним, ҳеч қаерга кетмай шу ерда кутиб тур, сени йўловчиларнинг ўзи мадрасага элтиб қўйишади”…

Чиндан ҳам шундай бўларди. Одамлар  Исмоилни Бухоро кўчаларида етаклаб юриб олимлар ҳузурига келтиришарди. У отасидан эрта етим қолиб, онасининг тарбияси остида униб-ўсди. Заковати, ақл-идроки, кучли қуввайи ҳофизаси онасининг оқила ва донолиги, ҳаётга покиза ният билан қарашлари асосида шаклланди.  Онанинг кеча-ю кундуз қилган дуолари ижобат бўлиб Исмоилнинг кўзлари кўра бошлади, шу билан бирга басират кўзлари ҳам очилди. Ҳа, бу бола йиллар ўтиб муҳаддислар султони, Ўзбекистон аталмиш буюк юртнинг беназир фарзанди Имом Исмоил Бухорий бўлиб етишди.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича у ўн ёшидан бошлаб олимларнинг ҳадис тўпламларини ёдлаган, илмий баҳсларда қатнашган. Бухорий нафақат йирик олим, балки ўзининг гўзал хулқ-атвори, одамохунлиги, мурувватлилиги ва беқиёс саховатлилиги билан бошқалардан ажралиб турган.

Манбаларда Бухорийнинг 600 000 га яқин ҳадисни ёд билганлиги қайд этилган. Олимнинг “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” номли асари ислом динида Қуръондан кейин иккинчи ўринда туради. “Имом Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақат ислом таълимотига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Улар  меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллилик, ота-она ва катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир-бечораларга ҳиммат, Ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик ва ҳалолликка даъват этиш каби ҳақиқий инсоний фазилатлар  ва намунали тартиботлар мажмуасидир.  Унда нима яхши, нима ёмон, нимани килиш керагу, нимадан ўзни тийиш лозимлиги ҳақида ҳозирги жамиятимиз аҳли, айниқса ёш авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга йўл-йўриқлар, панду насиҳат ва ўгитлар ўз аксини топган.”(Юртимиз алломалари”. Тошкент: Ниҳол, 2014 йил, 171- бет).

Манбаларда Маҳмуд Замахшарийдек олим зотнинг оналари ҳам ғоят билимли, тилаги ижобат бўладиган ҳилқат эканлиги келтирилади. Маҳмуд болалик чоғида бир қушни тутиб олиб оёғидан боғлаб қўйган. Оқибатда қушнинг бир оёғи синган. Наинки одамларга, балки табиатдаги жонзотларга меҳр билан қарайдиган она бу воқеани  кўриб ўғлига танбеҳ берган. Йиллар ўтиб  Замахшарий бахтсиз ҳодиса туфайли бир умрга чўлоқ бўлиб қолади. Олим ўзининг хотираларида “ Мен онамнинг дуоси туфайли чўлоқ бўлиб қолганман, аслида болалигимда қилган ишим билан қарғишга лойиқ эдим ” дейди. Бу гапда  она зотига чексиз эҳтиром ишораси бор.

Араб манбаларида “Агар хоразмлик шу оқсоқ бўлмаганида араблар ўз тилларини мукаммал билмаган бўлар эдилар!” деган фикр келтирилади. Макка амири Ибн Ваҳҳос унга тасанно айтиб : “Дунёдаги барча қишлоқлар жам бўлиб Хоразмнинг биргина Замахшар қишлоғига фидо бўлса арзийди. Чунки бу қишлоқ минг йилларда бир марта келиши мумкин бўлган буюк Замахшарийдек  йирик алломани дунёга келтирган” деб олимни улуғлайди.

Ана шу таърифларнинг ўзиёқ қирқдан ортиқ асарлари дунё фондларида сақланаётган алломанинг ижодий фаолиятига берилган юксак баҳодир.

Буюк ватандошларимизнинг таржимаи ҳоллари билан муфассал танишар эканмиз, уларнинг камолида  волидаи муҳтарамалари муҳим ўрин тутганликларининг гувоҳи бўламиз. Марҳум шоирамиз Турсуной Содиқова агар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар шоир бўлмаганларида уларнинг шеърларини оналари ёзган бўларди,  деган гаплари ҳар доим қулоғим остида жаранглаб турарди. Зотан, онанинг ички дунёси, дилидан тилига чиқаролмаган ҳис-туйғулари, ўй-фикрлари она вужудида шаклланаётган ҳомиланинг ҳужайраларига сингиб боришини илмий татқиқотлар аллақачон исботлади.

Оналик- улуғ шараф. Лекин оғирлиги ҳам, масъулияти ҳам шунга яраша. Она жигарпорасини ҳеч нолимай тўққиз ой қорнида кўтариб юради, дадил юриб кетгунича қучоғида кўтаради. Кейин эса бир умр юрагида кўтаради. Боласи қоқилса онаси йиқилади. Аслан бола онанинг меҳр булоғидан сув ичиб улғаяди.  Меҳрни қайси она боласига қандай узатади, бу энди аёлнинг маънавий тарбиясига боғлиқ.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳомила хотираси дастлаб она қорнида пайдо бўларкан. 120 кундан сўнг ҳомилада эшитиш, фикрлаш қобилияти шакллана бошларкан. Энди ҳомила ташқи таъсирлар, турли товушлар, онанинг гап – сўзлари, умуман олганда фикрлар оқимини қабул қилиб яхши-ёмонни ажрата бошлайди. Шу боис шифокор мутахассислар ҳомиладор аёлни асабийлашмаслиги, стресслардан сақланиши, кўча-кўйдаги турли шовқин-сурон, оиладаги, бировлар ўртасидаги уруш-жанжаллардан йироқ бўлишини маслаҳат беришади. Руҳшунослар эса бу вақтда яхши китоблар мутолааси, табиатнинг энг гўзал намуналаридан баҳраманд бўлиш, фазилатли инсонларнинг суҳбатини тинглашни тавсия қилишади.

Бироқ, бугун глобаллашув даврида, ахборот хуружлари авж олган дунёда, интернет олами ўз домига тортаётган бир пайтда айрим ҳомиладор келинларимиз юқоридаги кўрсатмаларга амал қилишмаяпти.

Ҳомиладор аёл божхона постини четлаб ўтиб, айланма йўллар орқали бошқа Республикадан товар олиб ўтаётганда қўлга тушибди. Бу хабарни эшитиб юрагимга оғир тош урилгандек бўлди. Наҳотки? Ким аёлни бу ишга буюрди? Бундан бошқа юмуш тополмадими? Унинг насиҳат қилгувчи ота-она, қайнона-қайнотаси йўқмиди? Бозорларда, гавжум кўчаларда ҳомиладор савдогар ёки харидорга кўзим тушади. Айримлари шовқин-суронлар ичида қолган, бошқаси ким биландир қаттиқ тортишиб, қўрслик билан гап талашган…

Ишдан қайтадиган йўлим вилоят туғруқ мажмуаси ёнидан ўтади.Бу вақтда туғруқхона яқинидаги қатор супермаркетлар, умумий овқатланиш шохобчалари, кабобхоналар, музқаймоқ савдоси йўлга қўйилган ҳудудларга ҳадемай кўз ёриш арафасида турган бўлажак оналар сайрга чиқишади. Улар туғруқ олди бўлимида, баъзилари стационар шароитида муолажа оладилар. Автомобил йўлидан машиналар, турли транспорт воситалари шовқини тинмайди. Йўлаклар одамлар билан гавжум. Ҳомиладор аёлларни кузата туриб момоларимиз асраб келган қадриятлар ёдимизга тушади. Улар оғир оёқ, ой-куни яқинлашиб қолган келинларини кўча-кўйларга, тўй-ҳашам, иссиқ-совуқ маросимларга ҳадеб чиқармаганлар. Хавф-хатар, ёмон назарлардан эҳтиёт қилганлар. Оғир юмушларга буюрмаганлар. Хатто илк ҳомиладорлик хабарини қўни-қўшни ҳатто оила аъзоларидан яшириб,  Яратгандан умри билан, ризқи билан тўкис-тугал фарзанд ато этишини сўраб туришган.

Бугунчи… Тўйхоналар, базмгоҳ, бар, ним қоронғи тантанавор жойлар, умумий овқатланиш мажмуалари, дўкон, тиқилинч бозорларга яқин орада кўзи ёрийдиган келинлар кириб боришади. Яқинда синфдошлар билан тоғли ҳудудга учрашув ошига борган ҳомиладор келинни тўлғоғи бошланиб қолибди. Синфдошлар бир илож қилиб аёлни йўловчи машина топиб туғруқхонага олиб келишган. Уйига хабар берилгач, қайнонаси етиб келди. Қайнонанинг таъна-и дашномларини эшитиб синфдошлар ҳам уятдан ер чизиб қолишибди.

Ҳомиладорлик тиббиёт атамаси билан айтганда мураккаб физиологик жараён. Туғилажак янги инсон келажагига шунчаки енгил-елпилик билан қараб бўлмайди. Тиббиётда ногиронликнинг сабаби уч турга бўлинади: қариндошлар ўртасидаги никоҳ, атроф-муҳит таъсири, орттирилган ногиронлик. Ана шу фожеа рўй бермаслик учун бўлажак онанинг ўзидан жуда катта машаққатли меҳнат талаб этилади. Ҳа, қалбини, руҳиятини, саломатлигини тўғри сақлай олган, катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўладиган, имони мустаҳкам, ҳаёси бутун, сабр-қаноатли, маънавиятли онадан соғлом ва доно бола дунёга келади. Бинобарин фазилатли оналар  Ватанга Имом Бухорийдек, Навоийдек даҳоларни етиштириб берадилар.

 

 

You must be logged in to post a comment Login