МАЪМУРИЙ СУДЛАР – СУД ТИЗИМИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

SUdlarСуд одамларни жазолаш органи эмас, балки, адолат қўрғони бўлиши керак. Истиқлол йилларида суднинг мавқеи ва вазифаси тубдан ўзгарди. Эндиликда судни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Суд тизимини босқичма-босқич демократлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий тамойилга қатъий риоя этилиши мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришларнинг асосини ташкил этади.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “Судлар тўғрисида”ги Қонун, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунига мувофиқ жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судларга ўтказилди.

Шу ўринда судьялик вазифасининг мазмунига тўхталиб ўтсак. Судья конституциявий назоратни амалга оширишда фақат Асосий Қонунимиз талабларига таянади. Судья ўзининг бутун фаолияти ва хулқи билан фуқароларда Конституциямизга ҳурмат ҳиссини шакллантиришга кўмаклашиши ҳамда қонунга итоат этиш намунасини кўрсатиши зарур. Яъни судья ҳар доим ва ҳар жойда ўзини шундай тутиши керакки, токи жамиятда суднинг одил ҳамда мустақил эканига ишонч қарор топсин.

Ўз навбатида, судья ўзгалар фикри таъсиридан, ўз фаолиятига танқидий баҳо берилиши эҳтимолидан чўчиш ва ҳадиксираш ҳиссидан холи бўлиши, шунингдек, бошқаларда бирор шахс унга таъсир кўрсатиш имкониятига эга, деган тасаввур ҳосил бўлишига йўл бермаслиги мақсадга мувофиқ. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида судьялар томонидан нафақат қонун нормалари, балки юқорида кўрсатилган одоб-ахлоқ қоидалари бузилганда фуқаролар тегишли давлат органларига, шу жумладан, судьялар олий кенгашига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгилаб берилди.

Юқоридаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг фуқаролар ҳаётида тутган ўрни ниҳоятда муҳим. Чунки эндиликда ушбу қонун ҳужжатлари судлардаги сансалорликларга бутунлай барҳам бериш, суд ишлари кўрилишининг сифатини  таъминлаш, Конституциямизда белгилаб берилган судьялар мустақиллиги, уларнинг фақат қонунларга бўйсуниш принципларини кафолатлаш билан боғлиқ нормаларни мустаҳкамлади. Моҳиятига кўра, бунинг замирида одил судловга эришиш, фуқаролик жамиятининг асосий шарти – барчанинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари бирдек ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсади мужассам.

Эндиликда шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан билдирилган шикоятлар, сайлов комиссияси қарорлари, нотариус ёки ФҲДЁ органлари ҳаракатларини бажаришни рад этганлиги ёҳуд уларни нотўғри бажарганлиги устидан шикоятлар, прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисида, давлат ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги аризалар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқиладиган бўлди.

Шу билан биргаликда маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартибини белгилаш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий тартиб-таомилларини жорий этишга қаратилган “Маъмурий суд иши тўғрисида”ги ва “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Оммавий-ҳуқуқий низолардан келиб чиқадиган  маъмурий низолар 1 июнга қадар фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан кўриб, ҳал этилган. Шу муддатгача ҳал этилмаган ишлар тегишли суднинг ажрималарига асосан жавобгарнинг яшаш жойидаги маъмурий суд томонидан ҳал этилиши белгиланди.

You must be logged in to post a comment Login