ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИДАГИ ЎРНИ

AxborotМустақиллик йилларида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш орқали фуқароларнинг ахборот ва сўз эркинлиги ҳуқуқини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.

ОАВни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан улар фаолиятининг қонунчилик асосларини яратиш ва давр талабига ҳамоҳанг такомиллаштириб бориш, журналистларни тайёрлайдиган олий ўқув юртлари моддий-техник базасини кучайтириш борасида кенг ислоҳотлар амалга оширилди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан жамоатчилик назоратини (журналистик текшируви) амалга ошириш тартиби ва журналистнинг эркин фаолият юритиши учун қўшимча кафолатларни таъминлаш мақсадида «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ва «Журналистнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланганлиги соҳани янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш алохида қайд этилган бўлса, Давлат дастурида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ижобий нуфузини кенг тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш, тасдиқлаш ва амалга оширилишини таъминлаш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Бу эса, ўз навбатида. ОАВ фаолиятини мувофиқлаштириб борадиган 1 та вазирлик, 4 та агентлик, 10 дан ортиқ давлат ва жамоат ташкилотларига, биринчидан, улкан ишонч ва, қолаверса, юксак масъулият юклайди.

Мазкур соҳада 10 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар ОАВ фаолиятини самарали ташкил этишга муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижаси сифатида оммавий ахборот воситаларининг сон ва сифат кўрсатгичлари тобора юксалиб бормоқда, ислоҳотлар моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда, аҳоли кайфиятини кўтаришда, уларни тараққиётимиз йўлида сафарбар этишда асосий рол ўйнамоқда.

Мамлакатда оммавий ахборот воситалари сонининг динамик тарзда ўсиши кузатилмоқда. Хусусан, 1991 йилга нисбатан ОАВ сони 3,5 мартага, газеталар сони – 2,5 мартага, журналлар – 3,5 мартага ўсган. 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон матбуот ва ахборот  агентлигида 1514 та оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, 1005 та босма нашрлар (691 та газета, 309 та журнал, 15 та ахборотнома), 105 электрон ОАВ (65 та телеканал, 35 та радиоканал), шунингдек 4 та ахборот агентлиги ҳамда 395 та янгиликлар веб-сайти рўйхатдан ўтган.

Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари умумий миқдорининг 64,4 фоизи нодавлат тузилмалари ҳисобланади. Ҳозирги кунда ОАВ томонидан Ўзбекистонда истиқомат қиладиган миллатлар ва элатларнинг тилларида нашрлар чоп этилмоқда ва дастурлар эфирга узатилмоқда.

Ўзбекистонда миллий телеканаллар тармоғи кенгайиб бормоқда. Сўнгги йилларда «Mahalla», «Дунё бўйлаб», «Маданият ва маърифат», «Оилавий», «Диёр», «Кинотеатр», «Болажон», «Менинг юртим» – «MY5», «Uzreport TV», «Milliy», «Zo`r», «Karavan», «Футбол» каби янги телеканаллар очилди. Соҳа вакилларининг байрами арафасида яна бир янгилик сифатида «O`zbekiston 24» канали ўз фаолиятини бошлайди.

Шуни қайд этиш керакки, ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган Интернет-ресурслар сони мамлакатда сўнгги беш йилда 2 баравардан ошган. Жумладан, 2017 йилнинг ҳозирги ҳолатига кўра Интернет-ОАВ сони қарийб 400 тани ташкил этиб, уларнинг 97 фоиз нодавлат тузилмаси ҳисобланади.

Маълумки «uz» доменида янгиликларни тарқатишга ихтисослашган Интернет-ресурслар сонининг кўпайиши бевосита Интернет тармоғидан фойдаланувчилар сонининг ортиши билан боғлиқ. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра 2007 йилда мамлакатда Интернетдан фойдаланувчилар сони қарийб 1 млн. кишини ташкил этган бўлса, 2017 йилга келиб, ушбу кўрсаткич 13 млн. киши дан ортди.

Мустақил ОАВ фаолияти самарадорлигини ошириш, амалга оширилаётган ўзгаришларнинг очиқлиги ва шаффофлигини кучайтиришда  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ҳар йили ўтказиладиган грант танловлари катта аҳамият касб этади.

Айтиб ўтиш жоизки, Жамоат фонди томонидан ўтказиладиган грант танловларида иштирок этган ва ютган ОАВ сони ҳам ўсиб бормоқда. Ўз навбатида, ОАВ фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган грант маблағлари суммаси ҳам тегишли равишда йилдан йилга ортиб бормоқда.

Жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВ вакилларининг ўрни ва роли беқиёс. Шунинг учун ҳозирда Қонунчилик палатасида тайёрланаётган Жамоатчилик назорати тўғрисидаги Қонун лойиҳасида алоҳида субъект сифатида ОАВ кўрсатилмоқда ва уларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини аниқ белгиланмоқда.

Умуман мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари давлат билан халқни бир-бирига боғлайдиган мустаҳкам кучга айланди. Бугун журналистларимиз фуқароларнинг миллий ўзликни англаши, фуқаролик фаоллигини, сиёсий, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда жамият аъзоларининг юксак маънавиятга эга бўлишига кўмаклашмоқдалар.

Дарҳақиқат, бундай юксак, мамлакатимизнинг эртанги куни, келажаги билан боғлиқ вазифани ҳал этишда оммавий ахборот воситалари етакчи бўлиши лозим. Зеро, эл-юрт манфаати, адолат ва эзгулик йўлида ҳамиша ўзини аямасдан меҳнат қиладиган оммавий ахборот воситалари ходимлари бу йўналишда халқимиз суянадиган ва таянадиган асосий кучдир.

You must be logged in to post a comment Login