ЖУРНАЛИСТЛАРГА ЮКСАК ЭЪТИБОР ВА ЭЪТИРОФ

jurnalistlar-uyushmasi-logoФарғона вилоятида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини катта тантана сифатида нишонлаш, қалам аҳлига чексиз эҳтиром ва эътибор кўрсатиш эзгу анъанага айланган. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси ва вилоят ҳокимлигининг кўмаги билан Фарғона шаҳридаги “Файз” саройида байрам тадбири ўтказилди.

Унда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этиб, журналистларни касб байрами билан қутлади. Шундан сўнг бир гуруҳ соҳа фидойиларига вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи ва байрам совғалари топширилди.

Мукофотланганлар орасида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов, “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Абдужалил Бобожонов, вилоят телерадиокомпанияси мухбири Тоҳир Шукуров, “Ойдин” газетаси бош муҳаррири Хадича Каримова, “Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Зуҳра Алиева, “Ферганская правда” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Бахтиёр Қамбаров ва бошқалар бор.

-Журналистика чинакам фидойилик, доимий изланишни талаб этадиган, ўз навбатида шарафли ва масъулиятли соҳа сифатида Юртбошимиз эътиборида эканлигини ҳамиша ҳис этамиз, -дейди “Қўқон садоси” газетаси бош муҳаррири Мухтасар Норбоева. – Бугунгидай эътибор ва ишонч юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказишимизга катта куч беради.

Мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда қалам аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижодий жамоаларнинг модий-техника базасини мустаҳкамлаш орқали ижодга кенг йўл очиш, уларни доимий рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар  изчил давом этаётир. Зеро, эътироф ва рағбат ҳар бир ижодкорнинг жўшқин фаолиятга ундаши, шубҳасиз. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида ўтказилаётган турли танловларда ҳам ана шу мақсад мужассамдир.

Бу йил Хитойнинг “HUAWEI” компанияси томонидан “Ижтимоий-иқтисодий тармоқда ахборот технологияларининг ўрни” мавзусидаги ижодий кўрик-танлов эълон қилиниши журналистлар иқтидорини юзага чиқариш ва рағбатлантириш анъанасининг халқаро кўлам касб этиб бораётганидан далолатдир.

Байрамда иштирок этган “HUAWEI” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ван Тен барча журналистлар ва танлов ғолибларини самимий қутлади. “Истиқбол йўли” газетаси бош муҳаррири Умидахон Худойберганова, Ўзбекистон Ахборот агентлиги мухбири Маъсуд Сулаймонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов, “Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Аҳмадали Тешабоев, “Ферганская правда” газетаси бош муҳаррири Гулбаҳор Саидғаниева, вилоят телерадиокомпанияси бош муҳаррири ўринбосари Шаҳноза Саиджоновалар номи эътироф этилиб, уларга компания томонидан ишлаб чиқарилган замонавий смартфонлар тақдим қилинди.

Вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол журналисти” кўрик-танлови бу йилги фаол ва изланувчан ижодкорлар номини эълон қилди.

Даврий нашрлардаги энг яхши ижодий материаллари учун 1-ўрин “Янги Фарғона” газетаси ижодий жамоасига, 2-ўрин “Фарғона ҳақиқати” газетаси мухбири Мадаминжон Солижоновга, 3-ўрин “Устоз” газетаси жамоасига насиб этди.

Телевидение йўналиши бўйича “Рухсор ТВ” телерадиокомпанияси жамоаси 1-, вилоят телерадиокомпанияси катта муҳаррири Муяссар Ҳамдамова 2-, “Бағдод ТВ” телерадиокомпанияси муҳаррири Зариф Шарипов 3-ўринни қўлга  киритдилар. Радиодаги энг яхши журналистик иш учун “Рухсор FM” радиоси бошловчиси Зиёвуддин Ҳакимов номи эътироф этилди. Уларга ғолиблик дипломи ва қимматбаҳо совғалар тантанали топширилди. Шунингдек,  танловнинг фаол иштирокчилари турли номинациялар бўйича рағбатлантирувчи мукофотларга эга бўлишди. Улар орасида “Фарғона ҳақиқати” газетаси мухбирлари Шерзод Қорабоев ва Дилнавоз Қўлдошева ҳам бор.

Узоқ йиллар ўзининг эзгу сўзи билан журналистика соҳаси ривожига муносиб улуш қўшиб келаётган, қутлуғ ёшини нишонлаётган бир гуруҳ фахрий журналистларга эҳтиром кўрсатилиб, миллий сарполар кийдирилди.

Байрам тантанасида Ўзбекистон халқ шоирлари Охунжон Ҳакимов, Энахон Сиддиқова,  “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Файзулло Зоҳидовларнинг ижодкорларга билдирган эзгу тилаклари халқимизнинг бугунги ва эртанги куни учун ёниб яшаётган заҳматкаш журналистларни юксак мақсадлар сари руҳлантирди.

Журналистлар номидан сўз олганлар кўрсатилган эътибор ва рағбат учун миннатдор эканликларини изҳор этишиб, ижодий фаолиятларида ҳақ, холис ва таъсирчан сўз қудратини намоён қилишга, ҳамиша уйғоқлик ва ҳозиржавоблик, тезкорлик ва мулоҳазакорликни мезон билишга ишонч билдирдилар.

You must be logged in to post a comment Login