Фарғоналик имом-хатиблари Ўзбекистон имом-хатиблари ва кенг жамоатчиликка мурожаат билан чиқишди

IMomlarҚадрли уламолар, азиз имом-хатиблар!

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусида бўлиб ўтган анжумандаги сўзлаган нутқи барча юртдошларимиз қатори биз фарғоналикларни ҳам бағоят таъсирлантирди.

Анжуманда Президентимиз томонидан билдирилган ҳаққоний фикр-мулоҳазаларни мушоҳада қилиб, шу кунгача фаолиятимизда йўл қўйган камчиликларимиз кўз олдимизда яққол намоён бўлди.

Жаннатмакон диёримиз – Ўзбекистон Аллоҳ назари тушган, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Муин Насафий, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний сингари улуғ алломалар, азиз-авлиёлар, пиру пешволарнинг хоки поклари ётган муқаддас маскан саналади. Биз ана шу мўътабар маконда туғилиб ўсганимиз, улуғ аждодларимизга ворис эканлигимиздан Яратганга беҳисоб шукроналар айтишимиз лозим. Шу билан бирга, ота-боболаримиз бошлаб берган эзгу амаллар, муқаддас вазифаларни шараф билан давом эттиришимиз зарур.

Таассуфлар бўлсинки, кейинги пайтларда ёшлар орасидан исломни ниқоб қилиб олган, қилар иши фақат динга, жамиятга зарар бўлган экстремистик ташкилотларга аъзо бўлиб қолаётганлар ҳам чиқиб қолмоқда. Онги, дунёқараши саёз бўлган бундай ғўр ёшлар ота-онасининг юзини ерга қаратмоқда, туғилиб ўсган ватанига иснод келтирмоқда.

Тан олиш керакки, бунинг учун маҳалла раиси, маслаҳатчиси, посбони, профилактика инспектори, маҳалла фаоллари қаторида биз имом-хатиблар ҳам, барчамиз бирдек жавобгармиз.

Қадрли имом-хатиблар, динимиз фидойилари!

Бугунги кунда инсоният душманлари ёш-ёш норасидаларни турли компьютер ўйинлари, алдовлар билан ислом наздида энг оғир гуноҳ бўлмиш ўз жонига қасд қилишга ундамоқда. Энг фожиалиси, айрим кишилар, хусусан, аёллар ҳаётнинг қадрига етмай, турмушнинг паст-баландига сабр қилмай ўз жонига қасд қилмоқдалар. Айрим қўштирноқ ичидаги сохта муллалар эса никоҳ тўғрисидаги давлат ҳужжатига эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиб, оилаларнинг бузилиб кетишига, болаларнинг етим бўлиб қолишига, маънавий мажруҳ бўлиб вояга етишига сабабчи бўлмоқда. Қонунни бузадиган бундай кимсаларга расмий имом-хатиблар орасида мутлақо ўрин бўлмаслиги керак. Уларнинг зарарли фаолиятига муросасизлик билан курашишга, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олишга бизнинг имкониятимиз ҳам, салоҳият ва қатъиятимиз ҳам етади.

Ҳурматли имом-хатиблар!

Мамлакатимиз ҳар жиҳатдан ривож топиб, тинч-осойишта ҳаёт, фаровонлик таъминланган бугунги доруломон кунларда бундай қабиҳ иллатларга нисбатан лоқайд ва беписанд қараб туришга асло ҳаққимиз йўқ. Биз шуни қатъий таъкидлашни зарур деб биламизки, бугун панада пайт пойлаб турган, барқарор тараққиётимизга раҳна солмоқчи бўлган ёвуз кучларга бефарқ қараган кимса она юртига, дину диёнатига қарши иш қилган бўлади!

Муқаддас динимиз таълимотида ватанни севиш, уни ёвлардан асраш, юрт ободлиги йўлида астойдил меҳнат қилишга даъват этилади. Қолаверса, кўз қорачиғимиз, эртанги нурафшон ҳаётимиз эгалари бўлган жондан азиз фарзандларимиз, ёшларимизнинг тўғри таълим-тарбия олиши, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун ота-она, маҳалла, кенг жамоатчилик бирдек масъул эканлиги ҳам динимиз аҳкомларида таъкидланади. Пайғамбаримиз муборак ҳадисларининг бирида қуйидагича марҳамат қилганлар: «Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остингиздаги одамларга масъулсиз». Шу боис ҳам ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар тарбиясига муҳим эътибор қаратиш бизнинг кундалик асосий ишимизга айланиши лозим.

Ҳозирги кунда биз имом-хатиблар зиммасида жуда катта масъулият турибди. Ишонч билан айта оламизки, юртимизнинг диний-дунёвий илм салоҳиятини бутун дунёга ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Юртимизда улуғ дин пешволари, иродаси тобланган, илми чархланган, оқил, ислом илмида пешқадам уламолар, уларнинг насиҳатига амал қиладиган имом-хатиблар, диний ходимлар, шукурки, жуда кўпчиликни ташкил этади.

Шундай экан, жамиятимизда иллат бўлиб турган жиноятчилик, экстремистик, террорчи оқимларга қўшилиб қолиш, ўз жонига қасд қилиш, қўш никоҳ каби салбий ҳолатларнинг фожиавий оқибатларини эл орасида юриб, кенг жамоатчиликка тушунтиришимиз керак. Халқ билан мулоқот қилсак, улар билан диллашсак, муаммоларидан ўз вақтида хабардор бўлсак, албатта уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Бу борада муҳтарам Юртбошимиз тўғри таъкидлаганларидек, “Ўз болангни ўзинг асра” деган ҳаётий чақириқ ҳар биримизнинг устувор вазифамизга айланиши даркор. Диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган адашган ёшларни бу хато йўлдан қайтариш, фарзандларимизни бундай бало-қазолардан асраш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланиши зарур.  Зеро, Аллоҳ таоло муборак каломида: «Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинглар» деб бизларни савобли ишларга даъват этади.

Бунинг учун эса имомларимиз маънавий хуружларга жавоб бера оладиган салоҳиятга эга бўлишлари, ўз устида тинмай изланишлари, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиб, ўз фаолияти ва шахсий ҳаёти билан бошқаларга ўрнак бўлиб яшашлари шарт. Шу маънода, биз имомларга қўйилаётган бугунги талаблар ниҳоятда юқори эканини, айни жараёнда бизнинг сиёсий, маънавий-маърифий даражамиз ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини биз катта масъулият билан чуқур ҳис қилиб турибмиз.

Бугунги кунда дунёнинг барча минтақа ва ҳудудларида инсон онгу тафаккурини эгаллаш учун шафқатсиз кураш кетмоқда. Дунёга теран нигоҳ билан боқиб, тинчлик, фаровонлик энг олий саодат эканлигини англаб етмоқдамиз. Шундай дориломон кунларга шукроналик туйғуси билан яшаш, ватанимизнинг ёруғ келажаги учун курашиш бизнинг фаолиятимиз мезонига айлансин. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни, шу бебаҳо неъматни кўз қорачиғидек асраш йўлида барчамизга буюк зот – Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлгай, иншаоллоҳ!

Биз, фарғоналик имом-хатиблар бирлашиб, олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришга қутлуғ кунларда ваъда берамиз. Таъкидламоқчимизки, йил охирига қадар вилоятимизни адашганлардан тоза ҳудудга айлантирамиз. Ва барчани – имом-хатибларни, кенг жамоатчиликни, азиз ота-оналарни, маҳалла фаолларини шундай эзгу ишларга даъват қиламиз.

You must be logged in to post a comment Login