БОШ ПРОКУРАТУРА ҲУЗУРИДАГИ БЮРО НИМА БИЛАН ШУҒУЛЛАНАДИ?

MIBМамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш, тоза ичимлик суви, иссиқлик энергияси ва газ билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тўлов мажбуриятларига масъулиятсизлик билан муносабатда бўлиш нафақат давлатимиз, балки оила бюджетига ҳам зарар етказади. Мисол учун, коммунал тизимда кечиктирилган тўлов учун пеня жорий этилиб, қарздорлик ўз-ўзидан ошиб бораверади. Шу билан бирга, коммунал хизматлар ҳақини ўз вақтида тўламаслик аҳолини газ, электр энергияси ва сув билан таъминлаётган компаниялар фаолиятида сезиларли қийинчиликларни юзага келтиради.

Ўз навбатида коммунал идора вакиллари ҳам масъулиятини ошириши зарур. Бу борадаги қонунбузарликларни асло кўз юмиб кетолмаймиз. Савол туғилади: электр энергияси ва табиий газ таъминоти идоралари ходимлари айрим ҳолларда нега бунчалик қуюшқондан чиқиб кетмоқда? Бир тадбиркор таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имкониятини, маблағини хавф-хатарга қўйиб, кеча-кундуз жонини бериб ишласа-ю, электр тармоқлари корхонаси унинг бўйнига асоссиз равишда миллион-миллион сўм қарзни илиб, яна бу маблағни корхона ҳисобрақамидан ечиб олишга ҳам улгурса – нима, шаҳар бедарвозами? Ёки бир инсон табиий газ учун тўлаган тўлов бошқа ҳисобрақамга ўтиб кетса, фуқаро ҳақини талаб қилгандаёқ шу хатоликни тўғрилаб қўйишнинг имкони бор-ку! Бунга нима халал беради? Шубҳасиз, лоқайдлик, ўз вазифасига совуққонлик билан қараш.

Юқоридаги ҳолатнинг акси бўлган ҳодисалар ҳам оз эмас. Айрим коммунал идора мутахассислари тадбиркор фойдаланган газ ёки электр энергияси ҳақи тўланмаса ҳам келишув билан “ҳотамтойлик” қилиб, электр ёки газни узиш ўрнига “тадбиркор”ни ўзича жавобгарликдан қутқармоқчи бўлади. Йиғилиб қолган қарзлар коммунал идорадан умуман қарзи бўлмаган фуқароларга “сочиб” юборилади. Қарабсизки, ўзаро тил бириктирган назоратчи ҳам, қарзлардан осонгина қутулган инсофсиз “тадбиркор” ҳам сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлади. Бу каби вазиятлар давлат маблағларини талон-тарож қилишга шароит яратиб бераётганида яққол намоён бўлмоқда.

Фуқароларнинг давлат идораларига йўллаётган мурожаатларида ҳам айнан коммунал соҳа билан боғлиқ муаммоларнинг кўп эканлиги бу борада сезиларли чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади. Шу билан бирга, мазкур соҳаларда тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар энергия ресурслари бўйича дебитор қарздорликни кескин камайтиришга ва электр энергетика ва газ тармоқларини янада ривожлантириш, ижро иши юритиш самарадорлигини оширишга имкон бермаётган эди.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 29 май куни «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 30 май куни “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни самарали амалга оширишда муҳим қадам бўлди.

Юқоридаги Фармон ва қарорда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси  ташкил этиш белгиланди. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш,  муқобил энергия манбаларининг жорий этилиши устидан мониторинг ўтказиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш ва яна бир қанча вазифалар мазкур бюро зиммасига юклатилди.

Мажбурий ижро бюросининг вужудга келиши ва унинг олдига қўйилган вазифалар прокуратура органи вакиллари зиммасига юклатилгани бу аввало, масъулият ва ишонч демакдир. Ушбу бюро орқали коммунал соҳадаги жиддий муаммоларга барҳам берилади, ижтимоий нафақалар тўловидаги камчиликлар бартараф этилади, энг асосийси, мамлакат иқтисодиёти юксалишига эришилади.

Белгиланган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши  электр энергетика ва газ тармоқларини модернизация қилишга, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга, суд қарорлари ижросининг самарадорлигини, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга ҳамда жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login