ПРЕЗИДЕНТ ВАКИЛИ ТАДБИРКОРЛАРНИ ҲИМОЯЛАЙДИ

mirzieev1(4)2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш-нинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури 3 бўлим 170-бандида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Давлат дастурининг ушбу банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили таъсис этилиб, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди. Унга кўра, вакил мазкур соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича вазифаларни бажаради.

Шунингдек, соҳадаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширилишига таъсирини баҳолаш, тадбиркорликнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш вакил фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Қайд этиш лозимки, Фармонга мувофиқ таъсис этилган вакил ўз ваколатларини мустақил амалга оширади.

Таъсис этилган янги тузилманинг самарали фаолият олиб борилиши учун бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилди. Жумладан, вакил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш
бўйича қонунчиликнинг сўзсиз ижро этилишини ўрганиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар амалга оширилиши қонунийлиги мониторингини олиб бориш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашув ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилиш юзасидан таклифлар киритиш, давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, вакил давлат органлари ва бошқа муассасалар мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириши, уларга аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга.  Бундан ташқари, вакил тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиши, давлат органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида иштирок этиши мумкин.

Қабул қилинган Фармон мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг қонуний ҳамда амалий жиҳатдан устувор ролини таъминлашга хисса қўшиб, мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошишига, энг муҳими тадбиркорлик субъектлари билан давлат органлари ўртасидаги самарали мулоқотни ташкил этишга хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login