“ШАРОФ РАШИДОВ БУЮК СИЙМО ЭДИ”

Sharof RЎзимни энг омадли одам деб ҳисоблайман. Негаки ҳаётим ва меҳнат фаолиятим давомида жуда кўп улуғ инсонлар билан учрашдим, улар ўгитини олиш бахтига муяссар бўлганман.

Шулардан бири Ўзбекистонимиз равнақи, халқимиз бахт-саодати учун толмас курашчи улкан давлат ва сиёсат арбоби Шароф Рашидович Рашидов эди.

Шароф Рашидовда давлат арбобига хос бўлган салобат, сиёсат арбобига хос донолик, катта адиб ва олимга ярашиқли юксак маданият ва самимий муомала, келажакни кўра олиш фазилатлари мужассам эди. Бир сўз билан айтганда у буюк сиймо эди. Бунга мен биргина Қувасой шаҳри тараққиёти мисолида гувоҳ бўлганман.

1973 йилда Қувасой шаҳар ёшлар қўмитасига етакчи этиб сайлангандим. Айнан ўша йиллари Шароф ака Қувасой шаҳрига тез-тез ташриф буюриб турардилар. Бу пайтда шаҳарда фақатгина цемент комбинати ва ғишт заводи ишлаб турарди. Комбинатдан ҳар куни 180 тонна цемент чанги кўтарилиб уйлар томларига, ҳовлиларнинг боғ-роғларига ёғилар, экологик ҳолат ниҳоятда ёмон эди. Аҳволни ўнглаш учун вилоят раҳбарларига мутахассисларни жалб этган ҳолда заводларни реконструкция қилиш, янги ускуналар ўрнатиш, шаҳар экологиясини яхшилаш бўйича топшириқ берди. Сўнг шаҳарнинг ўша кезлардаги раҳбари Маматқул Рахматовга юзланиб, муаммолар ҳақида сўради.

Бугун сиз айтган лойиҳалар амалга ошса, Қувасой халқи бир умр сиздан миннатдор яшайди, – деди Маматқул ака. – Шаҳарда аҳоли кўп, уларга иш ўрни яратиш учун экологик муҳитга зарар бермайдиган, масалан, шиша идишлари ёки чинни буюмлари ишлаб чиқарадиган корхоналар қурилса…

Шунда Шароф ака, менга қаради, – Хўш бу таклифга шаҳар ёшлар қўмитаси раҳбари нима дейди. Эшитишимча муҳандис экансиз, янги заводлар барпо этсак, хом ашёси борми, бу атрофда…

Мана бу кирларнинг ён бағри турган битгани хом ашё, – дедим тошиқиб. – Унда, – дедилар Шароф ака, салмоқ билан, – завод қурилиши масъулиятини сизга топширамиз. Ҳашар қиласиз, ёшлар катта куч.

Енг шимариб ишга киришиб кетдик. Ўша йиллари Қувасойдаги баланд руҳ билан олиб борилган ишлар… эслашнинг ўзи завқли. 1975 йилда Қувасой шиша идишлар заводи ишга тушиб, 1500 киши ишли бўлди. 1976 йилда чинни буюмлар корхонаси ишга тушиб, яна 1000 та ишчи ўрни яратилди. Завод очилишига Шароф Рашидович ташриф буюриб самимий нутқ сўзлади. Маъруза ниҳоясида “Қувасой ёшларининг сардори Шуҳрат Аҳмедов нега кўринмайди, ахир у ушбу корхона қурилишининг ташаббускорларидан эди-ку”, – деб сўради. Кўриниш бердим. Олдиларига чақирдилар. Шароф ака раҳбариятга қараб: “Бу киши ҳалиям ёшлар етакчисими?” – деди. Бунга жавобан М.Раҳматов: “Сиз розилик берсангиз бир масъулиятли ишга тавсия этмоқчимиз”, – деди.

Мен шаҳар назорат бўлимига раҳбар этиб тайинландим. Қувасой шаҳри равнақ топди, заводлар сони 1979 йилга келиб 8 тага етди, шаҳарда қурилиш авжига чиқди, мактаблар, боғчалар, ҳаммомлар, шифохоналар, спорт ва мусиқа мактаблари ташкил этилди.

1980 йилнинг бошида Ш.Рашидов яна Қувасой шаҳрига ташриф буюрди. Шаҳардаги “Мўян” номли давлат хўжалигининг боғларида бўлди. Мен бу даврда шаҳарнинг иккинчи раҳбари лавозимида ишлардим. Боғларни кўздан кечириб, у ерларда мева ва сабзавотчиликни ривожлантириш ҳақида кўрсатма берди.

Шароф ака республикамизнинг барча вилоятларидаги туман ва шаҳарлар хўжаликларининг иқлим шароитларини яхши биларди. Шунинг учун босқичма-босқич бу хўжаликларни мева ва сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичиликка ихтисослаштиришимиз кераклигини таъкидладилар. Натижада 1983 йилдан бошлаб Қувасой шаҳрида пахтачилик соҳаси ўрни боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, полизчилик, чорвачилик, паррандачилик соҳаларига асос солинди.

Ҳозирги кунда Қувасой шаҳрининг фермер хўжаликларида мева ва сабзавотчилик, дончилик ва чорвачилик ривожланиб бормоқда. Фарғона вилоятининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 15 фоизи Қувасой шаҳрида ишлаб чиқарилмоқда.

Қувасойдаги чинни буюмлар ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушгандан кейин биринчи маҳсулотлар чиқа бошлади. Заводда дизайнер мутахассислар Шароф Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” асаридаги қаҳрамонларнинг расмларини мазкур заводда ишлаб чиқарилган лаган буюмларида акс эттирган эдилар. Вилоят ва шаҳар раҳбарияти менга бу буюмларни Ш.Рашидовга олиб бориб беришимни тайинлашди. Шундай қилиб, республика раҳбарининг қабулига бориш ва ҳузурига кириш менга насиб этди. У чинни буюмларини қўлларига олиб, кўздан кечириб, шундай таъриф берди: “Халқимизнинг қўли гуллигини қарангки, оддий тупроқдан санъат дурдонасини яратиб турибди. Бунда Фарғона халқининг меҳнати нақадар беқиёсдир”.

… Шароф Рашидов ҳар доим юрт тинчлиги, мамлакат равнақи, халқ фаровонлиги, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни қарор топтириш, инсонларни тарбиялаб, вояга етказиш каби ишларни чорак асрдан кўп вақт мобайнида амалга оширишда тинмай ҳаракат қилди ва бунинг уддасидан чиқди.

You must be logged in to post a comment Login