Ўзбекистон қизлари “Technovation Challenge” халқаро танловининг ярим финалига чиқди

technnovation-challenge-2017Мамлакатимизнинг уч жамоаси “Technovation Challenge” халқаро танловининг ярми финалига йўлланма олди. Энди улар бошқа мамлакатлар жамоалари билан АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида бўлиб ўтадиган якуний босқичда иштирок этиш учун баҳслашади.

Танловнинг мамлакатимиздаги саралаш босқичи Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Uzinfocom” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда жорий этиш маркази, БМТ Тараққиёт дастурининг “Давлат хизматларини тақдим этиш сифатини яхшилаш учун электрон ҳукуматни ривожлантириш” лойиҳаси ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан ташкил этилди.

Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Ҳилола Умарованинг айтишича, “Technovation Challenge” халқаро танлови 2010 йилдан буён дунёнинг 78 мамлакатида ўтказиб келинмоқда. Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳам мазкур технологик ишланмалар танловида иштирок этмоқда. Унда 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган қизлар қатнашади. Мусобақа қоидасига кўра, иштирокчилар ўз жамоаларини тузиб, устоз ва мураббийлар раҳбарлигида муайян долзарб масалани аниқлаши, уни ҳал қилиш имконини берадиган илова ишлаб чиқиши ва шу асосда тижоратни йўлга қўйиш учун зарур компания ташкил этиши керак бўлади. Танловда иштирок этиш қизларда танқидий фикрлаш, тадбиркорлик, дастурлаш, жамоа билан ишлаш, аудитория билан мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беради.

“Technovation Uzbekistan” танловида мамлакатимиздаги ахборот технологиялари соҳаси учун мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари талаба-қизларидан иборат 21 жамоа иштирок этди. Улар экология ва соғлиқни сақлаш, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, бандликни ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш соҳаларига оид лойиҳаларини тақдим этди. Ғолиблар 8 йўналиш бўйича аниқланди. “Technovation Challenge” халқаро танлови ташкилотчилари томонидан танловнинг ярим финалида иштирок этиш учун уч жамоа саралаб олинди. Булар “HealTech” лойиҳаси муаллифлари “Bright Minds” жамоаси, “Linkey” лойиҳасини тақдим этган “LimitBusters” жамоаси ва “Yordam” лойиҳаси билан иштирок этган “Techno Squad” жамоасидир.

“Technovation Challenge” халқаро танловининг ярим финали онлайн режимда ўтказилиб, таниқли олимлар, дастурчилар, тадбиркорлардан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати турли давлатлардаги юзлаб иштирокчи қизларнинг ишлари билан танишади ва финалда иштирок этадиган ўн жамоани саралаб олади. Улар танловнинг Сан-Франциско шаҳрида бўлиб ўтадиган якуний босқичида иштирок этади.

You must be logged in to post a comment Login