Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил қилинди

e5cecf529da8f09a63b96472a35c25c9_XLЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида Бухоро вилоятида Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Шундан кейин Бухорода Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Мир Араб олий мадрасаси ташкил қилиниб, 2017 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қисқа муддатда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ушбу диний таълим муассасасининг ташкил қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳамда диний таълим олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир имконият бўлди.

Шунингдек, мазкур қувонарли воқеа 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги амалий ҳаракатларнинг мантиқий давомчиси бўлиб ҳисобланади.

Шу муносабат билан, Адлия вазирлиги Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва Олий мадраса ректори в.б Элов Жобир Рустамовичга Олий мадрасанинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома топширилди ва Олий мадрасанинг келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тиланди.

Муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг шахсан ташаббуслигида ташкил қилинган мазкур диний таълим муассасаси олий Ислом билим юрти ҳисобланишини таъкидлаган ҳолда, уни Ўзбекистон халқига соф Ислом дини асосларини мукаммал ўрганиш ва мамлакатда диний бағрикенгликнинг таъминланишида муҳим аҳамият касб этишини билдирди ва мазкур таълим муассасасидан Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби Ислом оламида шуҳрат қозонган буюк алломалар етишиб чиқишини тилаб дуо қилди.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда Бухоро вилоятида янги ташкил қилинган Мир Араб олий мадрасасидан ташқари Мир Араб ислом ўрта махсус билим юрти ҳам ўз фаолиятини давом эттириб боради.

You must be logged in to post a comment Login