Фарғонада татарларнинг миллий байрами – Сабантўй нишонланди

18922613_295256457568469_263917199316082337_o

Бугун Ўзбекистонда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, меҳнат қилмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудида уларнинг миллий маданият марказлари фаолият кўрсатаётир. Ўтган қарийб йигирма олти йил ичида бу марказлар фаолияти ривожланиб, улар нафақат ҳар бир миллатнинг тилини, санъатини, маданиятини асраш, балки юртимиздаги меҳр-оқибат муҳитининг янада мустаҳкамланишига, тинчлик ва барқарорликнинг бардавом бўлишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 

Тинчлик ва осойишталик, миллатлараро дўстлик барқарор Ватанда байрамлар ҳам файзли, тароватли ўтади. Шодиёналар, тантаналар тилидан, динидан қатъий назар турли миллат вакилларини ягона мақсад сари – шу азиз ватанни асрашдек туйғу истаги ила бирлаштиради. Қарийб ўн йилдан буён вилоятимизда нишонланаётган татар миллий байрами – Сабантуй ҳам мазмун-моҳияти  билан фаровонлик, тўкин-сочинлик, меҳнат ортидаги бахту саодатни тараннум этиб, миллатлараро меҳр ришталарини мустаҳкамлаб келмоқда. 

Фарғона марказидаги Аҳмад Фарғоний номли истироҳат маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган Сабантуй байрами барчани мазкур шодиёна томон чорлади. Хушманзара масканга меҳмонлар, татар миллий анъаналари, урф-одатларига қизиққан фарғоналиклар ташриф буюрдилар. Байрамона безатилган саҳна, вилоят татар миллий маданий маркази фаолиятини акс эттирувчи фотокомпозиция  томошабинлар эътиборини тортди.

Байрам тадбирини вилоят татар миллий маданий маркази раҳбари Равиль Тугушев очиб, юртимизда барча миллатлар ўз маданиятини, тилини сақлаб қолиши учун имкониятлар яратиб берилгани, миллий байрамлар кўтаринки кайфиятда нишонланаётганини таъкидлади. Миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат таҳсинга лойиқ, дея эътироф этди.

Катта концерт дастури намойиш этилди. Саҳнада миллий маданий марказ қошидаги “Кубалягем” фольклор дастаси ижрочиларининг қўшиқлари янгради.

– Ўзбекистонда нишонланадиган ҳар бир байрамни ўзига хос тарзда нишонлаймиз, – дейди Фарғона шаҳри фаоли Феруза Альмухаметова. – Наврўз, Мустақиллик, Хотира ва қадрлаш кунлари каби байрамлар қатори Сабантўй миллий байрамимизни ҳам кўтаринки руҳда ўтказиш анъанамизга айланган. Ҳеч қандай муболағасиз айта оламанки, Ўзбекистоннинг ҳар бир қарич ери биз учун муқаддас.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Қ.Имомов иштирок этди.

You must be logged in to post a comment Login