Ўзбекистонда 7 та фармацевтик эркин иқтисодий зона барпо этилади

farmasevtikaДори-дармон воситалари касалликларнинг олдини олиш ҳамда уларни даволашда муҳим аҳамият касб этиши ҳаммамизга яхши маълум. Ўз навбатида давлатимиз раҳбари томонидан фармацевтика саноатини ривожлантиришга, аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сифатли, юқори самарали ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда фармацевтика соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, жаҳон бозорида рақобатдош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ва унинг турларини кенгайтиришга қаратилган таркибий ўзгартиришлар амалга оширилди.

Натижада 146 та маҳаллий фармацевтика корхонаси томонидан 2000 хилдан ортиқ дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2016 йил якунлари бўйича мамлакатимиз фармацевтика бозорида маҳаллий дори-дармон воситаларининг улуши 55 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, тармоқда бугунги кунда олиб борилган таҳлиллар ички бозорни маҳаллий дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада кўпроқ тўлдириш учун республикамизнинг фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича янада самарали чора-тадбирлар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, дунё фармацевтика саноатида 8500 турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса, уларнинг 6300 таси халқимиз эҳтиёжлари учун импорт қилинади.

Юртимиздаги дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган фармацевтика корхоналарининг хорижий хомашё ҳамда материаллар импортига юқори даражада боғлиқлиги соҳа ривожига асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Маҳаллий хомашё ва доривор ўсимликлар асосида дори-дармон воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига фармацевтика маҳсулотларининг маҳаллийлаштирилишини чуқурлаштириш ҳамда кенгайтириш, шунингдек, уларни тиббиёт амалиётига кенг жорий этиш долзарб масала ҳисобланади. Ҳозирги пайтда халқаро тиббиёт амалиётида фойдаланилаётган 350 турдаги доривор ўсимликлардан 71 таси республикамизда ташкил этилган саноат плантацияларида етиштирилади. Бу эса талаб ва эҳтиёж катта бўлган дори-дармон воситаларини маҳаллий шароитда узлуксиз ишлаб чиқариш учун етарли эмас, албатта. Шуни инобатга олган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватларига яқин бўлган экологияси тоза ва соф бўлган туманларда янги плантацияларни ташкил этиш ривожланаётган фармацевтика соҳасининг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши, авваламбор, республикамизнинг фармацевтика соҳасини ривожлантиришга, дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга, маҳаллий дори-дармон воситалари бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори сифатли препаратлар билан тўлдиришга кенг имконият яратади.

Фармонда, жумладан, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш фармацевтика саноатини янада ривожлантиришда биринчи даражали вазифа сифатида белгилаб берилган.

Тупроқ ва иқлим шароитлари ноёблигини инобатга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш тўғрисида таклиф киритилган. Фармонда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун давлат органлари ҳамда хўжалик бирлашмаларига қуйидаги топшириқлар юклатилди:

ер участкалари чегараларини белгилаш ва уларни эркин иқтисодий зоналар таркибига киритиш учун ажратиш;

келгусида доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил қилиш учун ер участкаларини аниқлаш ва уларни ажратиш;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида саноат плантацияларини ташкил этиш, ўстириш учун тавсия этиладиган доривор ўсимликларнинг рўйхатини тузиш ҳамда кейинчалик ушбу доривор ўсимликларни чуқур қайта ишлаш, дори-дармон воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш бўйича мақсадли Дастур ишлаб чиқиш.

Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши доривор ўсимликлар хомашёсини қайта ишлаш ва дори-дармон воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этишга, маҳаллий доривор ўсимликлар хомашёси ва материаллар негизида фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга имкон беради.

Ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг фаолият муддати кейинчалик узайтириш имкони билан 30 йил этиб белгиланган, ушбу ҳудудларда алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиблари амал қилади.

Жумладан, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан тегишли инвестициялар киритилганда, улар:

ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалардан;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуналар, хомашё ҳамда бутловчи буюмларни олиб киришда божхона тўловларидан озод этилади.

Шунингдек, эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари экспорт ва импорт қилинадиган товарлар учун ўзларига қулай бўлган тўлаш ҳамда ҳисоб-китоб қилиш шартлари ва шаклларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу берилаётган имтиёз ҳамда қулайликлар маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар томонидан иқтисодиётга тўғридан-тўғри инвестициялар киритилишига бўлган қизиқишни оширади.

Эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларининг барчаси ва ҳар бири учун қулай шароитлар яратиш мақсадида эркин иқтисодий зоналар ҳудудлари, шунингдек, уларнинг иштирокчиларининг ишлаб чиқариш майдонлари тегишли ташқи муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан кафолатли таъминланади.
Шунингдек, Фармоннинг аҳамиятли томонларидан яна бири тижорат банкларига ўз маблағлари ва жалб этилган хорижий кредит линиялари ҳисобига эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида амалга ошириш таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш, шунингдек, доривор ўсимликлар хомашёси етиштириш бўйича плантациялар ташкил этиш учун хўжалик юритувчи субъектлар ва фермер хўжаликларига кредитлар ажратиш тавсия этилмоқда. Шу билан бирга, гаров таъминоти етарли бўлмаган ёки мавжуд бўлмаган ҳолларда тижорат банклари инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига технологик ускуналарни лизинг асосида белгиланган тартибда етказиб берилишини таъминлайди.

Фармоннинг қабул қилиниши ички бозорни кенг турдаги ҳаммабоп, сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ тўлдириш ва алоҳида ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш масалаларини ҳал этишга қаратилган.

Узоқ муддатли истиқболда ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизациялашга доир комплекс чора-тадбирлар ва мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши асосида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирга қадар республикамизнинг аксарият минтақаларида аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг 20 апрелида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамиятга эгадир.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бугунги кунда юртимиздаги 69 та шаҳар, 335 та посёлка ва 2902 та қишлоқ аҳоли пункти аҳолисининг эҳтиёжлари ер ости сувлари захиралари ҳисобига қондирилмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, кейинги ўн йилликларда саноат ва қишлоқ хўжалигининг жадал суръатда ривожланиши чучук ер ости сувлари ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. Бу эса ўз навбатида сув захиралари ҳажмининг сезиларли даражада қисқариши ҳамда сув олиш иншоотларининг рухсатсиз қурилишига, сувни назоратсиз олиш оқибатида эса айрим манбаларда сув захираларининг кескин камайиши ва тугашига олиб келди.

Республикамизнинг айрим ҳудудларида ер юзасидаги сувларни чиқариб ташлаш ва дренаж тизимларининг қониқарсиз ҳолати, ер ости сувлари сатҳининг интенсив кўтарилиши, шунингдек, режали тарзда гидрогеологик мониторинг олиб борилмагани оқибатида айрим шаҳарлар ва аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг ер юзасига яқинлашиши кузатилмоқда.

Шу билан бирга, ер ости сувлари мониторингининг амалдаги тизими сув манбаларининг ифлосланишига, ер ости сувлари захираларининг камайишига ва баъзи аҳоли пунктларида ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига олиб келувчи салбий омилларни ўз вақтида ва тўлақонли баҳолаш имконини бермаяпти.

Бу ҳақда сўз борганда, ичимлик суви тақчил бўлган айрим ҳудудларда сувни чучуклаштириш бўйича замонавий қурилмалар етарли даражада жорий этилмаганини, сувни чучуклаштириш учун керак бўладиган ускуна ва қурилмаларни ишлаб чиқариш борасида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини ҳам таъкидлашга тўғри келади.

Муҳим жиҳати шундаки, шу йилнинг февраль-март ойларида 10 мингдан ортиқ сув қудуғи бўйича ўтказилган хатлов натижалари айтиб ўтилган салбий омилларнинг ер ости сувлари ҳолатига таъсири давом этаётганидан далолат беради. Хатлов натижалари:

60 фоиздан ортиқ қудуқлардан ер ости сувлари назоратсиз олинаётгани ҳамда уларнинг ифлосланиши ва захираларининг камайиши давом этаётганини;

59 фоиз ер ости сувлари тасдиқланмаган захиралардан олинаётганини;
яқин ўн йиллар мобайнида чучук ер ости сувлари мавжуд ресурсларининг ярмидан кўпини тиклаб бўлмас тарзда йўқотишнинг реал хавфи мавжудлигини яққол кўрсатди.

You must be logged in to post a comment Login