Фарғона вилоятида энг яхши тадбиркор, фермер ва ҳунарманд аниқланди

1371265592_xunarmandФарғонада бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг вилоят босқичида 55 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.

Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамоликларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, соҳа субъектлари эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Бунинг натижасида ялпи ички маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши йил сайин ошаётир. Фермерлик қишлоқ хўжалигида ҳал қилувчи кучга айланди. Соҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг қарийб барчаси фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган 19 мингга яқин кичик бизнес субъектининг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши 64,3 фоизни, аҳоли бандлигидаги улуши 81 фоизни ташкил этмоқда.

Анъанавий “Ташаббус” кўрик-танлови фаол ва ишбилармон юртдошларимиз фаолиятини кенг тарғиб этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 925 тадбиркорлик субъекти иштирок этиб, улар ишлаб чиқарган саноат ва истеъмол товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда тақдим этилган турли саноат маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари сифат жиҳатидан хорижникидан асло қолишмаслиги билан алоҳида эътирофга лойиқ.

Бувайда туманидаги “Нурафшон зиё текс”, Қўқон шаҳридаги “Барака бизнес”, Тошлоқ туманидаги “Merfen-co”, Фурқат туманидаги “Келажак сифат текс” каби корхоналар маҳсулотлари барчага манзур бўлди. Танловда тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан 15 дан ортиқ турдаги янги маҳсулотлар намойиш этилди.

Марғилон шаҳридаги “Муҳаммад салом омина” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдураҳмон Йўлдошев “Энг яхши тадбиркор”, Риштон туманидаги “Ихтиёр СМИК” фермер хўжалиги раҳбари Мўътабар Аҳмедова “Энг яхши фермер”, Риштон туманидан кулол Шоҳрух Бозорбоев “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида биринчи ўринни эгаллади.

Танловда бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

You must be logged in to post a comment Login