Фарғонада Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига навбатсиз машина харид қилиш сертификатлари топширилмоқда

DSC_2044

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Бу йилги байрам “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланаётганида чуқур маъно мужассам. Зеро, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ота-боболаримиз жанг майдонларида бемисл жасорат кўрсатиб, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида жонларини қурбон қилган. Фронт ортида меҳнат қилганлар фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган. Уларнинг Ватанимиз ва халқимиз олдидаги бурчни муқаддас билгани бугунги авлод учун ҳам намуна бўлиб, ғоят оғир шароитларда кўрсатган матонати ҳамиша эъзозга муносиб.

Президентимизнинг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари билан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини рағбатлантириш мақсадида “GM Uzbekistan” АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган енгил автомобилларни бир марталик навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш ҳамда харид қилинган автомобилларга биринчи ва иккинчи техник ихзматни бепул кўрсатиш бўйича муддатли имтиёзлар бериш белгиланган.

Фарғона вилоятида бугунги кунда истиқомат қилаётган 160 нафарга яқин Иккинчи жаҳон урушининг қатнашчиси ва фронт орти меҳнат фахрийларига имтиёзли сертификатлар тантанали равишда топширилмоқда.

Худди шундай маросим Марғилон шаҳрида ўтказилди. Унда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига имтиёзли сертификат ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Суратда 1925 йилда туғилган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Анвар Ҳакимов.

Шоҳидбек АСЛОНОВ.

Муслимбек Тўланов олган сурат.

You must be logged in to post a comment Login