ИМОМ-ХАТИБЛАРНИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАРИ

MG_5381-696x464Фарғона шаҳридаги рус драма театрида вилоят имом-хатиблари ва ноибларининг касбий маҳоратини оширишга бағишланган ўқув-семинари ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ҳамда тасдиқланган режаси асосида ташкил этилган мазкур семинарда вилоятдаги имом-хатиблар, ноиблар, диний идора вакиллари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар страте­гияси тўғрисида»ги фармони билан келгуси беш йилда мамлатимиз ҳаётида барча соҳаларда амалга оширилган ишлар белгилаб берилган. Бугунги кунда ушбу стратегиянинг мамлакатимиз тараққиёти, аҳоли фаровонлигини оширишдаги ўрни ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда, унинг ижросини таъминлаш борасидаги вазифалар белгилаб олинмоқда.

Мазкур ҳужжатнинг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш масалаларини ўз ичига олади.

Албатта, келгуси беш йилликдаги тараққиётимиз концепциясига миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик масалаларининг алоҳида киритилиши бежиз эмас. Чунки дунёдаги нотинчликлар, қарама-қаршиликлар, диний низолар билан боғлиқ муаммолар ҳамон давом этмоқда.

Мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги таҳликали замон бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишни тақозо этади. Шу боис йиғилишда вилоятдаги имом-хатиблар ва ноиблар томонидан халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик, ҳамкорликни янада кучайтириш, таъсирчан тар­ғибот усулларидан фойдаланиш, айниқса, ёшларимизни миллатлараро тотувлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратишлари таъкидланди.

– Дунёда глобаллашув жараёнлари кучайган, ниҳоятда тезкор бугунги замонда ер юзида тинчликни асраш, барқарор ривожланишни таъминлаш инсоният олдидаги энг муҳим вазифа бўлиб турибди, – дейди Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакили Турсунтоҳир Эрбўтаев. – Зеро, тинчлик-осойишталик йўқ жойда фаровон турмуш, тараққиёт ҳақида ўйлаб ҳам бўлмайди. Динимизнинг бош ғояси ҳам шу – гўзал ахлоқ, намунали ҳаёт тарзи. Лекин бугун ер юзининг турли минтақаларида муқаддас динимиз ғояларига мутлақо ёт бўлган ишлар ислом дини номи билан амалга оширилаётгани фитнадан бошқа нарса эмас. Буни халқимизга, айниқса, ёшларга тушунтириш, динимизнинг асл моҳияти тинчликпарварлик, инсонпарварлик, юртсеварлик эканлигини айтиш барчамизнинг бурчимиздир.

Семинарда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишда диний ходимлар олдида турган долзарб вазифалар ҳамда дунёда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар таҳлили, мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш борасидаги устувор масалалар ҳам муҳокама этилди.

Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Қ.Имомов иштирок этди ва сўзга чиқди.

 

You must be logged in to post a comment Login