ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОСИ БЎЛИШ – ФАХРУ-ИФТИХОР

pasportВилоят рус драма театрида Президентимизнинг жорий йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган Махигул Кодирова, Панайот Мавриди, Гулноз Муродова, Умеда Уроловаларга фуқаролик паспортларини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистон фуқароликка қабул қилиш борасида қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга ошираётганини таъкидлаб ўтди. Фуқаролик паспортларини юртдошларимизга тантанали равишда топширди.

Меҳнат фахрийси, Украинада таваллуд топган Панайот Мавриди фуқароликка қабул қилинган юртдошларимиз номидан Президентимизга, ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигини изҳор қилиб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга доимо тайёр эканлигини таъкидлади.

– Бу кунни жуда интиқлик билан кутдим. Ниҳоят мен Ўзбекистон фуқаросиман, – дейди қувонч билан Фарғона шаҳридаги “Парвоз” маҳалла фуқаролар йиғини котибаси Маҳигул Қодирова. – Бу мен учун олий бахт ва шу ишончга муносиб бўлишга астойдил интиламан.

– Қўқон шаҳридаги 10-оилавий поликлиникада кўп йиллардан бери ҳамшира бўлиб ишлайман. Ҳукуматимиз тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратмоқда, олдимизга янги вазифаларни қўймоқда, – дейди ана шундай бахтиёр фуқаролардан яна бири Гулноз Муродова. – Бугунги маросимда айтилган самимий сўзлар шу юрт тараққиётига кўпроқ ҳисса қўшишга чорламоқда. Шу Ватаннинг фуқароси бўлиш аслида фахру ифтихордир.

Тантанали маросимда санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқлар йиғилганларга хушнудлик улашди.

You must be logged in to post a comment Login