ФАРҒОНАДА 252 ТА БАЛИҚЧИЛИК БИЛАН ШУҒУЛЛАНУВЧИ ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ МАВЖУД

baliqАйни кунларда юртимизда аҳолини балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, тармоқдаги иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳада фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Дастур доирасида 2016 йили вилоятимизда 40 та янги лойиҳа амалга оширилиб, 170,4 гектар майдонда сунъий сув ҳавзалари ташкил этилди ҳамда 150 та янги иш ўринлари яратилди. Янги лойиҳаларни амалга ошириш учун “Ипотекабанк”нинг Фарғона вилояти филиали томонидан 1 млрд. 352 млн. Сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

2016 йили “Ипотекабанк”нинг 120 млн. Сўмлик имтиёзли кредит маблағлари эвазига Бағдод туманидаги “Шимолий Бағдод” фермер хўжалигида 10 гектар сунъий сув ҳавзаси ташкил этилиб, 50,9 тонна балиқ етиштирилди.

Ҳозирги кунда вилоятимиздаги балиқчилик билан шуғулланувчи 252 та фермер хўжаликлари тасарруфида 2254,7 гектар ер мавжуд. Бу хўжаликлар томонидан харидоргир бўлган сазан, оқ амур ва оқ дўнгпешона балиқлари етиштириляпти. Шунингдек, вилоятимизнинг Бағдод ва Фурқат туманларида тажриба тариқасида африка лаққа балиғини етиштириш ҳам йўлга қўйилди.

– Африка лаққасини вилоятимиз иқлим шароитига мослаштириш ва ундан мўл маҳсулот етиштириш борасидаги тажрибаларимиз изчил давом этмоқда, – дейди Бағдод туманидаги “Мубинахон Муфаззалхон” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари М.Тешабоев. – Агар тажрибалар яхши самара берса, вилоятимизда ушбу иссиқсевар балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтиришни режалаштирганмиз.

Вилоятимизда янги йўналиш – “Садок” усулида балиқ етиштириш соҳасидаги ютуқлар кўлами ҳам йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Ҳозиргача Ёзёвон туманидаги Марказий Фарғона сув омбори, Қувада Каркидон сув омбори ҳамда Олтиариқ туманидаги Қўрғонтепа сув омборларида 100 га яқин “Садок” мосламалари ўрнатилди. Натижада биргина ўтган йилнинг ўзида вилоятимиз миқёсида “Садок” мосламаларида 250 тоннага яқин балиқ етиштирилди.

Вилоят ҳокимлигининг 2017 йил 3 мартдаги “Вилоятда 2017 йилда балиқчилик тармоғини ривожлантириш ҳамда балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказилган йиғилиш баёни билан вилоят Дастури тасдиқланди. Шу асосда жорий йилда вилоят бўйича сунъий ҳавзаларда 5810 тонна балиқ овлаш режалаштирилди. Ўз навбатида мазкур йилда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 млн. Дона бўлган лицинка ишлаб чиқариш инкубация цехи қуриш, йилига чавоқ етиштириш қуввати 0,4 млн. Дона бўлган 1 та репродуктор ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Умуман олганда, бу йил 32 та янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 304 гектар сунъий сув ҳавзалари ташкил этиш ва 200 та янги иш ўринлари яратиш, янги лойиҳалар ҳисобига 613 тонна балиқ етиштириш устувор мақсад сифатида қайд этилди.

Балиқ етиштиришнинг интенсив технологияларини жорий этиш, “Садок” усулида балиқ етиштиришни кўпайтириш мақсадида вилоятдаги сув омборларида жорий йилда 150 та “Садок” мосламалари ўрнатиш лозим. Шунингдек, “Бешариқ балиқ” МЧЖ томонидан имтиёзли банк кредити ва ўз маблағлари ҳисобидан Қўқон шаҳрида балиқни дудлаш ҳамда қадоқлаш кичик цехини ташкил этиш мазкур йилдаги муҳим вазифалар сирасига киритилган.

Фарғона балиқчилигини ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларни мувофиқлаштириш ва тизимли ташкил этиш ҳамда унинг мониторингини олиб боришга вилоят Давлат солиқ, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, вилоят Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда “Ипотекабанк” вилоят бўлими масъул этиб белгиланди.

You must be logged in to post a comment Login