АМИР ТЕМУР ФРАНЦИЯЛИКЛАР ЭҲТИРОМИДА

amir-temur-300x245Буюк аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган оламшумул ҳиссалари,  уларнинг жаҳон цвилизациясида тутган ўрни халқаро миқёсдаги эътироф ва ҳурмат билан тилга олинади.

Ўзбек халқининг буюк фарзанди Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар тарихи неча асрлардан буён дунё олимларининг эътиборини тортиб келаётир.

Бобокалонимиз ҳаёти билан боғлиқ тарихий манбаларнинг тадқиқ этилишида франциялик тадқиқотчиларнинг изланишлари алоҳида ўрин тутади.

Соҳибқироннинг “Темур тузуклари” асари биринчилардан бўлиб 1787 йилда француз тарихчиси Л. Ланглэ томонидан таржима қилиниб, Париж шаҳрида чоп этилган. Амир Темур тарихини мукаммал ўрганишга киришган Ланглэ Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарини аслиятдан ўқишга эришган. Тадқиқотлари давомида испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг Самарқандга қилган саёҳати, Амир Темур саройидан олган таассуротлари билан яқиндан танишиб, ўзининг “Темур ҳаёти” номли асарини яратади.

Француз темуршунослари ичида салмоқли изланиш олиб борган профессор Марсель Брионнинг “Мен ким, Соҳибқирон Жаҳонгир Темур” асари бобокалонимизнинг таваллудидан бошлаб, то умрининг сўнггига қадар бўлган даврни қамраб олганлиги, Темур шахси, унинг давлат бошқарувидаги фаолияти, ҳарбий юришлари, амалга оширган буюк ислоҳотлари ҳақидаги асосли маълумотларни бера олиши билан алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур асарнинг 2014 йилда ўзбек тилида чоп этилгани ватандошларимизнинг буюк бобомиз  ва темурийлар тарихини  чуқур ўрганишига хизмат қилмоқда.

Француз тарихчиларининг Амир Темур тарихини тадқиқ этишга доир изланишлари бугун ҳам изчил давом этаётир. Ҳозирда Франциянинг Париж шаҳрида фаолият кўрсатаётган Амир Темур ва темурийлар тарихи ва маданияти Ассоциацияси негизида улкан тарих  ҳақидаги бой манбалар дунё юзини кўрмоқда. Бу эса француз халқининг бобомиз асос солган буюк давлат ва у бошлаб берган қудратли сулолага бўлган чексиз эътибор ва азалий эҳтиромининг намунасидир.

2016 йилнинг декабр ойида Ассоциация ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси халқаро Амир Темур фонди делегацияси аъзолари “Францияда Амир Темур кунлари” илмий анжуманида иштирок этиб қайтдик. Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонасида бўлиб ўтган анжуман буюк тарихий шахс, халқимизнинг етук фарзанди Амир Темур шахси, унинг оламшумул қудрати ва салоҳиятидан сўз очди.

Анжуман доирасида “Амир Темур –чет элликлар нигоҳида” номли китоб-альбомнинг тақдимоти ўтказилди. Ўзбек ва инглиз тилида чоп этилган ушбу китоб-альбомдан темурийлар билан боғлиқ тарихий ёдгорликларнинг фотонусхалари, жаҳон олимларининг Амир Темур ҳақидаги фикр ва эътирофлари, Европа, хусусан, Франция қиролларининг ёзишмалари, Тошкент шаҳрида барпо этилган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрган хорижий меҳмонларнинг дил сўзлари, нодир манбалардан олинган муҳим маълумотлар ўрин олган.

Амир Темур ва темурийлар тарихи ва маданияти Ассоциацияси раҳбари, темуршунос олима Фредерика Брессан хонимнинг узоқ йиллик изланишлари натижасида яратилган “Олтингумбаз Самарқанд” ва “Шавкатли Самарқанд” асарларига жо бўлган улуғ бобокалонимизнинг ҳукмдорлик салоҳияти, адолатпешалик, халқпарварлик ва бунёдкорлик фазилати ҳақидаги мулоҳаза ва эътирофларни бутун Франция халқининг эҳтироми деб қабул қилиш мумкин.

Соҳибқирон тарихини ўрганишга бўлган кучли қизиқиш ва эътибор кўплаб дунё мамлакатларида ортиб бораётир. Буюк бобомиз ҳақида яратилаётган асарлар, олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, ҳеч шубҳасиз,  Амир Темур шахси тимсолида буюк аждодларни вояга етказган муқаддас заминимизга бўлган меҳр ва ҳурматнинг тимсолидир.

You must be logged in to post a comment Login