Ўзаро ишонч, тезкор ва кафолатли хизмат – АТ “Асака банк” фаолиятининг устувор йўналиши

ferganabank'Инсон манфаатларини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтиришда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ҳамда тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланиши муҳим аҳамиятга эга.

Юртимизда кейинги йилларда бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаётгани туфайли халқимизнинг ҳаёт даражаси доимий равишда ошиб бориши таъминланяпти.

Бугунги кунда юзма-юз мулоқот асносида аҳолининг барча қатламлари турмуш шароити, қизиқиши ва тадбиркорлик соҳасидаги режа-мақсадлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш имконияти яратиляпти. Бундан кўзланган мақсад битта: у ҳам бўлса, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, ҳаёт даражасини юксалтиришдир. Бундай эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлашга камарбаста бўлиш банк идораларининг халқимиз билан ўзаро муносабатлари юзасидан бўладиган ёндашувни ҳам тубдан ўзгартирмоқда.

Дарҳақиқат, одамларни қизиқтираётган масалалар, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш, тадбиркорлик соҳасидаги истиқболли лойиҳаларини рағбатлантириш ҳар бир ҳамюртимизда ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиради, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар доирасида банкнинг вилоят ҳамда шаҳар-туман филиаллари томонидан оддий аҳолини тадбиркор қилиш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Шу асосда жорий йилнинг ўтган даврида банкнинг вилоят ҳамда шаҳар-туманлардаги филиаллари томонидан 52 минг 385 та хонадон эгаларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун банк хизматлари ва кредит маблағларига эҳтиёжи ўрганилди. Бунинг натижасида бугунги кунга қадар 2009 нафар фуқарога 16 млрд. 359 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилди. Кичик ва хусусий бизнес, оилавий тадбиркорлик каби соҳаларга йўналтирилган ушбу кредит маблағлари, энг аввало, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида банкимизнинг филиаллари томонидан 34 та лойиҳа таклифи берилди. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 387 млрд. сўмдан зиёдни ташкил этади. “Қўқон” иқтисодий зонасида мазкур лойиҳаларни амалга ошириш орқали 2585 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда.

Ўз навбатида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 15 февралдаги “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш бўйича бир қатор ижобий ишлар ҳаётга татбиқ этиляпти. Хусусан, банкнинг вилоят ҳамда шаҳар-туман филиаллари томонидан вилоятимиз аҳолисига тез ва сифатли банк хизмати кўрсатиш мақсадида 8 та инфокиоск, 1 та банкомат ҳамда 1607 та тўлов терминали фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда вилоятимиз миқёсида муомалада бўлган 212 мингдан ортиқ пластик карточкаларимиз хизматидан мижозларимиз жуда ҳам мамнун.

Айни кунгача белгиланган режа асосида банкнинг вилоят ҳамда шаҳар-туман филиалларида мижозларга берилган дуэт пластик карточкалари тўлиқ он-лайн режимида ишловчи Smart Vista пластик карточкаларига алмаштирилди. Шу билан бирга эҳтиёж туғилганда етказиб бериш учун банк омборида етарли миқдорда он-лайн пластик карточкалари захираси яратилди.

Таъкидлаш ўринлики, жорий йилнинг 28 февралида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва “Ўзкарт” банклараро чакана тўлов тизими ҳамкорлигида “Сўм” пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан амал қилиниши лозим бўлган тарифлар режаси тасдиқланди ва у 15 март кунидан амалиётга жорий этилди. Бу тарифга асосан тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида терминал ижараси учун тўловлар юридик шахсларга 10 евродан 5 еврога, якка тартибдаги тадбиркорларга 5 евродан 2,5 еврога туширилди.

Ўзаро ишонч, тезкор ва кафолатли хизмат – АТ “Асака банк” фаолиятининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бундан ташқари замонавий хизматлар кўламини кенгайтириб бориш, микрокредитлар ажратиш салмоғини ошириш банкнинг доимий вазифалари сирасига киритилган. Бу АТ “Асака банк”нинг вилоят ҳамда шаҳар-туман филиаллари томонидан энг олий қадрият ҳисобланган инсон ҳамда унинг манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.

2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлангани, албатта, банкларнинг қучоқ очиб халқ ичига кириб боришида айни муддао бўлди. Бу борада давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди. Шу маънода халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой бўлади, деган  тушунча замирида ҳам инсон манфаати ҳар нарсадан улуғлигини ифодаловчи олижаноб мақсад мужассам.

Эзгу ташаббуслар ва изчил ислоҳотларнинг барчаси пировард натижада аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. АТ “Асака банк”нинг вилоят ҳамда шаҳар-туманлардаги филиаллари  жамоаси ана шу жараёндаги изчил саъй-ҳаракатларни астойдил қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради.

You must be logged in to post a comment Login