Фарғона шаҳрида “Нуронийлар маскани” бунёд этилди

keksalar-kutubxonaПрезидентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатимизда отахон ва онахонларимизга эътибор, ғамхўрлик ҳар қачонгидан кучайди.

Айниқса, Фармонда жойларда кексалар турмуш сифатини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга кўмак бериш, “Нуронийлар маскани”ни бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят марказида  “Нуронийлар маскани” ҳамда “Нуроний” жамғармаси Фарғона шаҳар бўлими биноси қад ростлади.

Муҳташам маскан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда “Фарғонаазот” корхоналари томонидан жуда қисқа муддатда бунёд этилди. Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусов каби устазодалар қўлида сайқал топган кайвону айвонлар, жимжимадор ва нақшинкор безакли устунлар янги ижтимоий марказ ҳуснига ҳусн қўшган.

Мажмуанинг тантанали очилиш маросимига меҳнат фахрийлари, нуронийлар, кайвони онахонлар, вилоят фаоллари таклиф этилдилар.

Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев ўзбек халқига хос ва мос бўлган катталарни эъзозлаш ва иззат-икром кўрсатиш қадрияти амалда намоёнлигини таъкидлаб, бу маскан отахону онахонлар учун севимли бўлиб қолишига ишонч билдирди.

Нуроний отахон ва онахонлар вакиллари 350 минг нафардан зиёд фарғоналик фахрийлар номидан сўз олиб, уларга кўрсатилаётган ҳурмат учун Президентимизга миннатдорчилик билдирдилар.

Вилоят раҳбари кошонанинг қурилишида ҳомийлик қилган корхоналар раҳбарлари ва қўлигул усталарга эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.

Шундан сўнг тадбир қатнашчилари “Нуронийлар маскани”даги яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Кутубхона, тиббиёт ва махсус тренажерлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари, шахмат-шашка клуби, чойхона  уларда ёрқин таассурот қолдирди.

– Бу муҳташам бинони кўриб рости жуда қувониб кетдим, – дейди “Шуҳрат” медали соҳиби, халқ таълими аълочиси, фахрий ўқитувчи Исроилжон Бекмирзаев. – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да ҳамма нарса инсон манфаатларига хизмат қилаётганлигининг амалдаги исботи бу! Бу каби эътибор ва ғамхўрлик биз каби ёши улуғлар умрига янада умр қўшади.

– Қариси бор уйнинг париси бор, дейдилар, – дейди “Нуроний” жамғармаси Қувасой шаҳар бўлими раиси  Абдужалил Маматхалилов. – 8000 нафардан ортиқ фахрийлар истиқомат қилаётган шаҳримизда ҳам шундай маскан қуриш учун бино аниқланиб, лойиҳалари тайёрланяпти. Дам оладиган, нуронийлар саломатлигини тиклайдиган мажмуа яқин кунларда Қувасойда ҳам бунёд этилади. Вилоят марказидаги кошона эса  юртимизда давом этаётган Наврўз тантаналарида муносиб туҳфа бўлди.

You must be logged in to post a comment Login