Фарғонада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Farg'ona

Фарғона вилоятининг Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари ҳамда Данғара, Тошлоқ ва Ўзбекистон туманларида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда профилактика инспектори ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш долзарб вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Йиғилишда узоқ муддатга хорижга ишлаш учун чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзолари, профилактик рўйхатда турувчи шахсларнинг яқинлари билан бевосита мулоқотда бўлиш, уларнинг аҳволидан хабар олиб, мавжуд муаммоларини бартараф этиш, иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Айниқса, жиноятчиликка қарши кураш, хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик ҳолатларини олдини олиш, ҳудудларда хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган фуқаролар билан якка тартибда ишлашда бир қаторда камчиликлар мавжудлиги ва уни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Ташкил этилган йиғилишларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари қатнашиб, мавзу юзасидан маъруза қилдилар. 

Ташкил этилган йиғилишлар давомида кун тартибдаги масалалар юзасидан махсус фильмлар намойиш этилди.

You must be logged in to post a comment Login