ФАРҒОНАЛИК ЮКСАК ИСТЕЪДОД СОҲИБАСИ

11

Ўзбекистонда миллий мусиқа санъатини янада равнақ топтириш, санъатсевар болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорини юзага чиқариши учун муносиб шарт-шароит яратилмоқда ва бу эътибор ўз мевасини бераяпти.

Ёш иқтидор соҳибларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларни юксак ижодий парвозлар сари руҳлантириш борасида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар самарасида ўғил-қизларимиз нуфузли халқаро кўрик-танловлар ҳамда мусиқа ва санъат фестивалларида юксак натижаларни қўлга киритиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини намоён этмоқда.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 8-болалар мусиқа ва санъати мактабининг халқ чолғулари ва анъанавий хонандалик йўналишида таҳсил олаётган Розияхон Комилжонова улардан бири.

Розияхон Комилжонова айни пайтда 12 ёшда бўлса-да, бироқ шу кунгача бир қатор нуфузли халқаро танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллади. Ота-онасининг қўллаб-қувватлаши, устозларининг берган таълим-тарбияси, тинимсиз меҳнат ўз мевасини бериб, ютуқлар бир-бирига уланаверди.

У дастлаб 2015 йилда 10 ёшида “Камалак юлдузлари – 2015” Республика болалар ижодиёти фестивали қатнашиб, Гран-при соҳибаси бўлди. Қолаверса, мамлакатимизда ўтказилаётган “Ягонасан, муқаддас Ватан! – 2016” Республика кўрик-танлови унинг ижодий қирраларининг янги уфқларини очиб берди. Ушбу танловда қатнашган Розияхон  II-ўринни эгаллади. Шунингдек, шу йили “Академик ва эстрада ижрочилиги” Республика кўрик-танловида ҳам ғолибликни қўлга киритгани Р.Комилжоновага халқаро танловларда қатнашиш эшикларини очиб берди. 2016 йил 15-16 октябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган “Муғом” 8-Халқаро болалар фестивалида қатнашиб, фахрли 1- ўринни эгаллади.

2017 йил 17-21 март кунлари эса Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган “Живой родник” Халқаро кўрик-танловида 1-ўринни эгаллаб, Гран прига лойиқ кўрилди.

Оддий мактаб боласи дунёнинг энг истеъдодли мусиқачилари қаторида эътироф этилишини илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмасди! Ҳа, бу, мамлакатимизда билимли, юксак ижодий-интеллектуал салоҳиятли ва маънавиятли, ҳар жиҳатдан соғлом авлодни вояга етказиш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий ифодасидир.

You must be logged in to post a comment Login