Бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт асоси

Бағрикенглик Фарғонада “Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва Фарғона давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда жамоат ва диний ташкилотлар, миллий маданият марказлари вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Қ.Имомов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда эътиқод ва виждон эркинлигига доир кафолатлар Бош қомусимиз ва қонунларимизда қатъий белгилаб қўйилган. Турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётини равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилаётир. Улар ўз диний байрамлари, эътиқод амалларини эмин-эркин адо этмоқда. Республика байналмилал маданият маркази барча миллатларнинг ўзига хос қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларнинг ўзаро аҳиллиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакиллари Ўзбекистонимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда.

– Вилоятимизда ўтказилаётган барча тадбирларда миллий маданий марказлар вакиллари фаол иштирок этади, – дейди вилоят славян миллий маданий маркази раҳбари Галина Акопжонова. – Айниқса, Наврўзи оламда халқимизга хос бундай дўстлик ва ҳамжиҳатлик янада ёрқин намоён бўлди. Буларнинг барчаси мамлакатимиздаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ифодасидир.

Конференцияда тинчликни мустаҳкамлашда диний бағрикенгликнинг ўрни, ёш авлод тарбиясида миллий ва умуминсоний қадриятларнинг аҳамияти, ёшларни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланди. Миллий маданий марказлар қошидаги бадиий жамоаларнинг концерт дастури намойиш этилди.

 

 

 

You must be logged in to post a comment Login