“ДУНЁ ИЧРА ТОПГАН ДУНЁМСАН, ХАЛҚИМ!”

Zulfiyaxonim“…Йиллар ўтаверади, Ер юзидаги ҳаёт бундан ҳам гўзаллашаверади, унда бугунгидан ҳам яхшироқ инсонлар – руҳи  бой одамлар яшайди. Агар ўша кишилар ҳам менинг бирор сатримни эсга олсалар, ўша сатр улар учун керакли бўлса, қалбининг бўш бир нуқтасини тўлдирса…  Қаламимга шу умид куч беради. Зотан, шу илинжсиз ёзишнинг кераги йўқ! Шоир фақат бугуни учун шоир бўлса, бўлмагани яхши!”

ЗУЛФИЯ

1 март тонги нафосатга тўлиқ баҳорий кунларга йўл очибгина қолмай, ўзининг дилбар куйчиси номини ҳам шарафлаб уйғонади. Шоира Зулфияхонимнинг пок ёди, ҳаётбахш мисралари она халқимизнинг юрак-юрагига салқин саболардай ёқимли, кўклам чечакларидай ҳарир туйғулар ила ташриф этди.

Бутун дунё Ўзбекистон Халқ шоири Зулфия тимсолида замонавий ўзбек шеъриятининг ёрқин саҳифаларини кўради. У Осиё, Африка минбарларидан туриб, ўзбек аёлининг қалами ва иқтидори  қудратини кўрсата олди. Қай манзилда бўлмасин “Ўзбекнинг Зулфиясиман!” дея Ватани ва халқи номини баланд рутбаларда тутган шоиранинг сиймоси бугун ана шу халқнинг эъзозида, эҳтиромида.

Зулфия ўз замонасида  дунё эътироф этган сўз санъаткорлари Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Пабло Неруда, Николай Тихонов, Кайсин Кулиев, Нозим Ҳикмат каби улуғларнинг ижодий мажлисларида улуғланди ва ўз сўзини айта олди. Етук замондошларининг, шунингдек, Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Украинка, Амрита Притам, Мустай Карим сингари хориж ва қардош халқлар адабиёти намоёндаларининг сара асарларини маҳорат билан ўзбек тилига ўгирди. Унинг шеърлари ҳам ўнлаб дунё тилларида жаранглади. Жавоҳарлаъл Неру номидаги ҳамда “Нилуфар” халқаро мукофотларига муносиб  кўрилди.  Миллий адабиётимизнинг бўй-бастини баланд чўққиларга олиб чиққан ўзбек шоираси ҳамиша элнинг, давлатимизнинг ардоғида бўлди ва ўзи ҳам она халқига “Дунё ичра топган дунёмсан, халқим!” дея меҳр ва ихлос қўйди, тупроғига топинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 13 сентябрдаги қарорига мувофиқ, пойтахтимизда Ўзбекистон халқ шоири Зулфия  ҳайкали қад ростлади. Шоиранинг теран нигоҳи қадалган, ўзига хос файз ва тароват кашф этиб, нурланиб турган маскан айни дам Зулфияхонимни соғинганлар, унинг сиймосига чуқур ҳурматда бўлган, самимий яхши кўрган дўст-ёрлар, ижодкорлар, устознинг издош қизлари ва мухлисларининг муқаддас зиёратгоҳига айланган. Ҳар йили баҳорнинг илк куни шоира ҳайкали пойига қўйилган гулдасталар ана шу соғинч, меҳр ва ардоғнинг рамзидир.

Мамлакатимизда “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорнинг эълон қилиниши ўзбек халқининг ардоқли фарзанди хотирасига, унинг ўлмас ижоди ва ҳаётий фаолиятига кўрсатилган эътибор ва эъзоз намунаси сифатида қабул қилинди. Шоиранинг қутлуғ тўйи муносабати билан унинг қатор шеърий тўплам ва достонлари, “Сайланма”си қайта нашр этилди, ўнлаб очерк ва эсселар ёзилди. Зулфияхонимнинг қутлуғ ёшига бағишланган адабий-бадиий кечалар, қайноқ тус олган ижодий жараёнлар, эҳтиром тадбирлари 2015 йилни адабиётимиз тарихида эзгу йил сифатида муҳрлади. Шу йили www.zulfiyaxonim.uz веб-сайти яратилиб, шоиранинг барча ижодий мулки, 100 дан ортиқ суратлари, видео-аудио материаллар, шунингдек, замондошларининг хотиралари, шогирдларининг дил сўзларини ўзида жам этган   мазкур электрон хазина фойдаланишга топширилди.

Дарёга интилган ирмоқлар бир кун дарё бўлажак, дейдилар. Бунда бағрига ёш ирмоқларни талпинтирган, уларнинг ҳавас ва муҳаббатини уйғотган азим дарёларга тасаннолар айтгинг келади. Зулфияхоним ана шундай буюк дарё эдики, бугун унинг ижод сарчашмаларидан сув ичаётган, том маънода унга интилаётган минглаб ирмоқларнинг-да ўз йўли, ўз тўлқини бор.

Бу назм боғига киролмас хазон,

Бизни маҳв этолмас завол лашкари.

Мен кетсам мунғаймас умрим ҳеч қачон,

Бу боғлар бир боғлар бўлади.

Шоира умрининг сўнгги йилларида ёзилган ушбу мисралар истиқлол шарофати, адабиётга, ёшларга кўрсатилаётган чексиз эътиборнинг самараси ўлароқ, ҳаётий ҳақиқатга айланди. 1999 йилда мамлакатимизда Зулфия номидаги Давлат  мукофоти таъсис этилди. Шу кунга қадар республикамизнинг фан, маданият, санъат, адабиёт ва таълим йўналишида ўз иқтидорини намоён этаётган, фаол қизларнинг 240 нафари ушбу нуфузли мукофотга муносиб деб топилди. Фарғонанинг 17 нафар истеъдодли қизлари кўксида ҳам шоира сиймоси акс этган қутлуғ нишон порлаб турибди. Мукофот Зулфияхоним орзу қилган “бир боғлар”нинг камолга етишида, ўз ижоди ва жўшқин фаолияти билан олға интилаётган издошлар ҳаётида йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилаётир.

“Шоиранинг ёзганлари бамисли эзгуликка тўла ёруғ оламнинг қўшиғи. Унинг ғурури, сурури, бутун изтироби, осуда ҳаёллари, долғали туйғулари балқиб ётган бетакрор ижодиёти халқимиз меҳнати, ҳаёти ва келажагининг ажралмас бир парчаси, бедорлиги, беоромлиги, илҳоми, ҳижрони, ўчмас муҳаббати эса ­– ўз халқининг юрак забтига, томир уришига ҳамоҳангдир.” Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиеванинг устоз ҳақидаги эзгу эътирофлари бугунги авлодни Зулфияхонимдан ибрат олишга ундайди.

Дунё тамаддунида ўзбек адабиёти тоабад тириклик, юксаклик касб этар экан, шоира Зулфияхонимнинг сўзи ҳам, буюк ёди ҳам яшайверади. Унинг ҳаётга ошиқ ва ҳамиша уйғоқ юраги Она Ўзбекистон кўксида уриб туражак.

 

 

You must be logged in to post a comment Login