Ўзбекистонда юристлар ваколатлари кенгайтирилди

Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматларининг роли ва жавобгарлигини ошириш, юридик хизмат кадрларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда фаолиятини мувофиқлаштириш йўлида кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида давлат органларида юридик хизматнинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, адлия органлари тизимида юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш бўйича тузилмалар ташкил қилиш масаласи ҳам ўз аксини топди.

Давлат раҳбарининг 2017 йил 19 январда имзоланган “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди. Мазкур қарор қонунийликни янада мустаҳкамлаш, юридик хизматларнинг роли ва жавобгарлигини изчиллик билан кучайтиришга қаратилгани билан эътиборлидир.

Қарорнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири бу – давлат органлари
ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларига бир қатор имтиёзлар берилганидир. Хусусан, юридик хизматлар ходимларига адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражаларининг берилиши, кўп йиллик хизмат учун устамалар тўлаш тартиби татбиқ этилиши, юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат стажи ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобига олиниши белгиланди. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик стажига эга бўлган ходимлари лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида малака имтиҳонида тегишли стажировка ўтамасдан иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Юридик хизмат ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмаслиги, улар ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланиши, уларнинг иш ҳақини давлат органлари ва ташкилотлари тегишли тузилмаларининг раҳбарлариники даражасига қадар ошириш белгиланди.

Ўз навбатида имтиёзлар билан бирга юридик хизмат ходимлари зиммасига бир қатор мажбуриятлар ҳам юклатилди. Жумладан, улар ўз фаолиятида вужудга келадиган низоларни судгача ҳал этиш юзасидан мажбурий тартибда чоралар кўриш, давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан берилган шикоятларни мажбурий тартибда кўриб чиқиш, амалга оширган ишлари бўйича ҳисобот бериш жорий этилди.

Қолаверса, энди давлат органлари ва ташкилотларида қабул қилинадиган буйруқлар, фармойишлар, тузиладиган шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун мажбурий тартибда юридик хизматга тақдим этилиб, унинг хулосаси олиниши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Президентнинг юқоридаги қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органларига ҳам бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлар юклатилди. Масалан, Адлия вазирлиги юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш, уларнинг ходимларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди ва вазирликда юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса тегишли шўъбалар ташкил этилади.

Юридик хизмат ходимлари ҳар уч йилда бир марта малака ошириб, ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтадилар.

Албатта, мазкур қарорга мувофиқ тегишли қонун ости ҳужжатлари ҳам такомиллаштирилди. Яъни, ушбу қарор билан “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги ҳамда “Юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари тўғрисида”ги Низомлар тасдиқланди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар билан юридик хизмат ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мартаба даражаларини белгилаш ишлари тартибга солинди.

You must be logged in to post a comment Login