ФАРҒОНА – САЙЁҲЛИК МАРКАЗИГА АЙЛАНМОҚДА

Farg'onaЎзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм  соҳасини  жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Фармон мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштиришга йўналтирилган. Бу борада вилоятда ҳам туризм салоҳиятини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва тизимли амалга оширилмоқда.

Ўтган йил давомида вилоятимизга жами 31 мингдан зиёд  сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, шундан 9500 нафари ҳорижлик сайёҳлардир.   Туристик  хизматлар экспорти  жами 57,3  млн. долларни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан  143 фоизга ўсди.  Бунинг асосий жиҳатларидан бири  туризмнинг янги йўналишларидан бўлган агро, экотуризм ва соғломлаштириш бўйича  янги объектлар ишга туширилгани, лойиҳлар олиб борилганидир.

Сайёҳлар Қува туманидаги “Шредер” мева-боғдорчилик  илмий-текшириш институти,  “Роҳатой”,  “Оқ олтин”  фермер хўжаликлари, Олтиариқ туманидаги  “Эсон балиқ”,  Фарғона шаҳридаги “Ўрағбой ота”,  “Шаршара” ва “Фарғона Орифжон келажаги” балиқчилик фермер хўжаликларига ташкил этилган агро ва экотуристик экскурсияларда мароқли ҳордиқ чиқардилар. Балиқчилик, мева-сабзавот етиштириш тармоқлари билан яқиндан танишдилар. Серқуёш заминимиз  бебаҳо неъматларидан баҳраманд бўлдилар.

Вилоятимиз туризм соҳасида сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида ҳизмат кўрсатаётган  субъектлар  сони ҳам ортиб бормоқда.  Биргина 2016 йил давомида уларнинг сони  8 тага кўпайтирилиб,  жами 28 тани ташкил қилди. Уларнинг 5 таси оилавий корхона шаклидаги замонавий туризм стандартларига жавоб берадиган, миллий андозадаги меҳмонхоналардир.  Хусусан, Марғилон шаҳридаги “Шоирабегим АДРАС” оилавий корхонасига қарашли  уй-меҳмонхонаси  сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан бирга, миллий матоларимизнинг ўзига хос тарихи билан таништириб келмоқда.

Ўтган йиллар давомида туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Фарғона ва Қўқон шаҳарларидаги ўлкашунослик музейлари биноларини қайта реконструкция қилиш, улардаги экспонатларни  қайта таъмирлаш  ишларига  маҳаллий  бюджет маблағлари ҳисобидан  қарийб 1,3 млрд. сўм маблағлар сарфланди. Шу билан бирга, шаҳар ва туманлардаги  туристлар жалб этилиши белгиланган 27 та  маданий тарихий обидалар  қайта таъмирланиб, ташриф буюрувчилар учун  барча шароитлар яратилди. Қўқон шаҳридаги “Камол қози мадрасаси”, Бувайда туманидаги “Пошшопирим”, Учкўприк туманидги “Хазиний” зиёратгоҳлари  каби бебаҳо обидалар  кўркам қиёфа касб этди, атрофи ободонлаштирилди. Жорий йилда эса Риштон туманидаги “Рошидоний”  зиёратгоҳи ҳам уларнинг сафидан жой олади.    Қувонарлиси, Қўқон шаҳрида  миллий ва меъморий қиёфадаги  200  ўринли “Ташриф” меҳмонхонасида улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган бўлиб, шу кунга қадар 1,5 млрд сўм маблағ сарфланди. Меҳмонхона Наврўз байрами арафасида ишга туширилади.

– Вилоятимизда  туризм  кўламини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини оширишга  эътибор ортиб бормоқда. Ташриф буюраётган  сайёҳларга 4 та замонавий автобуслар, 10 та микроавтобуслар хизмат кўрсатаётган эди, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Фарғона вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича ваколатли вакиллиги раҳбари Музаффар Темиров. –  Жорий йилда  “Зиёрат”, “CLUB HOTEL 777”, Қўқон шаҳридаги  “Истиқлол” меҳмонхоналарига хориждан 400 минг долларлик  замонавий автобуслар сотиб  олиниши режалаштирилган.  Албатта,  бу каби ўзгаришлар  ташриф буюраётган сайёҳлар оқимининг кўпайишига олиб келади.

Меҳмонхоналарда ўзбекона қадриятларимиз, миллий урф-одатларимиз намунаси бўлган мусиқа, фольклор ансамблларининг  чиқишлари ва миллий либослар модаси намойиши сайёҳларда катта қизиқиш ва ҳавас уйғотмоқда. Айнан уларнинг миллий ҳунармандчилигимиз, анъаналаримизга нисбатан ҳурмат  билан қараши ҳар биримизга фахр-ифтиҳор туйғуларини бағишлайди. Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ташкил этилаётган ош байрами тантаналари, ҳар йили сентябрь ойида Марғилон шаҳрида ўтказилаётган “Атлас” байрамининг халқаро миқёсдаги нуфузи тобора ошиб бораётганлиги ҳам бежизга эмас. Риштон тумани, Марғилон шаҳарларидаги  уста ҳунармандларнинг  уй-музейлари, маҳсулотларидан иборат шахсий кўргазмалар сайёҳлар  билан доимо гавжум.

Бугун Марказий Осиё дурдонаси бўлган Фарғона чинакам сайёҳлик марказига айланмоқда.

You must be logged in to post a comment Login