ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИДА СУД ОРГАНЛАРИНИНГ РОЛИ

сенат(8)2016 йилнинг 30 декабрида “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонун билан 13 та қонунга, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 8 та, Жиноят-процессуал кодексининг 4 та моддасига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини суд орқали ҳимоя қилишга бағишланган муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Жиноят-процессуал кодекси “Тафтиш” номли янги 221-боб билан тўлдирилди. Мазкур бобда тадбиркорлар фаолиятида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларни тафтиш қилиш, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар ҳақидаги маълумотларни текширилаётган субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларини ўрганиш ҳамда таққослаб кўриш йўли билан олиш мумкин бўлган ҳолларда тайинланиши, шунингдек суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг махсус билимларга эга эканлиги тафтишни тайинлашдан озод этмаслиги белгиланди.

Шунингдек, Жиноят Кодексининг 178, 180, 181, 1811, 188, 189, 190-моддаларига ҳам қўшимчалар киритилди. Бу моддаларда, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда яширилган чет эл валютасини Ўзбекистон Республикасининг ваколат берилган банклари ҳисобига ихтиёрий равишда ўтказилишини таъминлаган, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини, лицензиясиз шуғулланиш оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса жавобгарликдан озод этилиши кўрсатилган.

Юқоридаги қонун билан тадбиркорлик соҳасида содир этилган айрим ҳаракатлар учун жавобгарлик енгиллаштирилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-моддаси 4-қисмида, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, ҳуқуқбузарлик воситаларини мусодара қилмасдан жавобгарликдан озод этилиши назарда тутилди. Ушбу кодекснинг 305-моддаси 4-қисм билан тўлдирилиб, 271-моддасининг 11-бандида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишнинг бошқа материаллари ишни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан олинган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда кўриб чиқилиши кўрсатилди.

Шунингдек, қонунга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш мақсадида божхона, солиқ органлари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг тадбиркорлик субъектларининг мол-мулкларини мусодара қилиш ваколати олиб ташланиб, бу фақат судлар орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорларнинг судларга тўғридан-тўғри мурожаат этиши ва суд ҳимоясидан фойдаланишлари учун барча қонуний шароитлар яратилди. Эндиликда тадбиркорлар ўзларининг ҳуқуқларини яхши билишлари ҳамда амалда улардан самарали фойдаланишлари лозим. Чунки қонунларнинг моҳиятини чуқур англаган тадбиркор ўзининг ҳуқуқини ҳимоя қилишни яхши ўзлаштиради.

Муҳтасар айтганда, ушбу Қонун билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган ҳар бир ўзгартиш ва кўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда судларнинг ролини янада оширишга, уларга берилган имтиёз ва преференцияларни амалиётга татбиқ этиш механизмини такомиллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

You must be logged in to post a comment Login