Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш учун жиддий киришди

pora22Коррупция глобал муаммолардан бири бўлиб, у ҳар бир мамлакатнинг миллий давлатчилик асосларига, сиёсий ва иқтисодий хавфсизлигига жиддий хавф туғдиради. Шу боис бу муаммога қарши курашиш борасида кўплаб халқаро ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Халқаро ҳужжатлар ичида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенция (2003 йил 31 октябрь) асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, у ушбу жиноятнинг моҳиятини тўлиқ очиб, унга қарши кураш чораларини белгилаб беради. Барча мамлакатлар коррупция иллатини таг-томири билан қўпориб ташлашда халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилаётган бўлса-да, унга қарши кураш ҳар бир давлатнинг ўзида олиб борилиши муҳим аҳамиятга эга.

Бугун бу борада қабул қилинган халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш билан бирга 2016 йилнинг 12 апрелидан кучга кирган “Парламент назорати тўғрисида”ги, жорий йилнинг 3 январь куни қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши  мамлакатимиз тараққиёт йўлида  муҳим қадам бўлди.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги янги Қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни ҳар томонлама тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, унинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган.

Адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишда жадал олиб борилаётган харакатлар 2 февраль куни қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Президент қарори  жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга қаратилди. Шунингдек, унда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бўйича ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзуларни янада кучайтиришни назарда тутадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат таълим стандартларига киритиш, Давлат органлари мутахассислари ва таълим муассасалари ўқитувчиларини ўқитиш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурларига коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ўқув дастурлари ва машғулотларини олиб боришда самара ва сифатга етакловчи омилларни яратиш кўзда тутилган.

Мазкур қарорга асосан коррупцияга қарши курашиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган Давлат Дастури ҳамда ҳужжатга мувофиқ мамлакат Бош прокурори раҳбарлигида коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди. Комиссиянинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича барча қарорлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурий, деб белгилаб қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, қонунларни қабул қилиш — бу ишнинг бир қисми, холос. Асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир.

You must be logged in to post a comment Login