Қўқонда “Китобхонлик байрами” ўтказилди

DSC_0113

DSC_0039

Қўқон давлат педагогика институтида “Китобхонлик байрами” бўлиб ўтди. Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда халқимиз маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тафаккурини кенгайтириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг мутолаага қизиқишини ва китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Китобхонлар байрами доирасидаги тадбирларда мамлакатимиздаги нашриётлар томонидан кейинги йилларда чоп этилган мумтоз ва бадиий адабиётлар, энциклопедик луғат ва маълумотномалар, болалар адабиёти намойиши ва савдоси ташкил этилди. Ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, ёш ижодкорлар учун маҳорат сабоқлари, мушоиралар ўтказилди.

Ўтказилган тадбирда 5200 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этди.

Ушбу тадбирда 4 та китоб савдоси билан шуғулланувчи “Фарғона китоб олами” МЧЖ, “Шарқ зиёкори” МЧЖ, “Қўқон китоб савдо” МЧЖ ҳамда “Қўқон Музаффар савдо” китоб дўқонлари томонидан мамлакатимиздаги нашриётлар томонидан 900 турдаги 6000 дан зиёд мумтоз ва бадиий адабиётлар, энциклопедик луғатлар, болалар адабиёти ва ижтимоий-сиёсий мазмундаги адабиётлар намойиш этилиб, савдоси йўлга қўйилди.

Тадбирда вилоят ахборот-кутубхона маркази, халқ таълими бошқармаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси, вилоятдаги барча олий таълим муассасалари ахборот-ресурс марказлари томонидан бадиий китоблар кўргазмалари ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчилар томонидан 1800 дан зиёд китоблар харид қилинди.

“Китобхонлик байрами” доирасида вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан китобхонликни тарғиб қилиш, бадиий адабиётга бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда уларнинг онгу тафаккурларини юксалтириш мақсадида “Мен ўқишни севаман!” “Я люблю читать!” “I love reading!” шиори остида китоб акцияси ўтказилди. Унда 200 нафардан зиёд ёшлар, аҳоли вакиллари, ўқитувчилар, кутубхоначилар иштирок этди.

You must be logged in to post a comment Login