Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади

14819704101Ҳар бир тадбиркор катта бозорда ўз омадини синаб кўришни истайди. Шу маънода барқарор ривожланиш йўлини танлаган ҳар қандай давлат ишбилармонлар учун халқаро бозорга «кафолатли коридор» яратишни бирламчи вазифа билади. Зеро, товар ва хизматлар экспорти – ишлаб чиқаришни янада кучайтириш, янги иш ўринлари яратиш, валюта захираларини бойитиш, жаҳон бозоридаги ўрин ва мавқени мустаҳкамлашнинг асосий омили.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва либераллаштириш борасида энг долзарб масалалар ечими юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, бунда “2018-2021 йилларга мўлжалланган экспорт фаолиятини ривожлантириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш белгилангани, аввало, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтириш имконини беради.

Бу, биринчи навбатда, мамлакатимиз учун савдо алоқаларини ривожлантириш борасида мақсадли бозорларни аниқлаш бўйича амалга ошириладиган ишларни янги босқичга олиб чиқади. Ташқи бозорлар конъюнктурасини ўрганиш асосида катта ҳажмдаги экспортбоп товарлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга йўл очади. Чунки молиявий марказлашув кучайиб, ахборотлар оқими товар ва хизматлар экспортига жиддий таъсир кўрсатаётган бугунги кунда трансмиллий иқтисодий дипломатия ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ташқи бозорларни маркетинг ўрганиш усулини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришни тақозо этади ва шу боис мазкур Концепцияда бу борада янги, замонавий ва самарали механизмни яратиш масаласи мақсад қилинган.

Концепциядан кўзланган яна бир мақсад – белгиланган бозорларни миллий маҳсулотларимиз билан таъминлаш. Бунга улардаги асосий иштирокчилар билан узвий ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш орқали эришиш кўзда тутилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат – миллий маҳсулотларимизнинг чет эл бозорларида рақобатбардошлигини ошириш мақсадида мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш тармоқларига халқаро сифат стандартларни (ISO 9001) кенг жорий этиш белгиланган. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ташқи бозорларда маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тўғрисидаги маълумотлар билан таништириш ишларини янада кучайтириш билан чамбарчас боғлиқ.

Ҳаракатлар стратегиясида тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада рағбатлантириш, экспорт-импорт операцияларини тартибга солишни такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари рақобатдошлигини ошириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Бунда товарларни ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмларни импорт қилишда мувофиқлик сертификатини бериш муддатини, илгари худди шундай товар учун сертификат олган тақдирда 10 кундан уч кунгача қисқартириш назарда тутилмоқда.

Товар ва хизматлар экспортидан (хомашё товарлари бундан мустасно) валюта тушумининг белгиланган қисмини мажбурий сотишни камайтириш, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи корхоналарга белгиланган имтиёзларни маҳаллий товарларни экспорт қилувчи савдо-воситачилик корхоналарига ҳам татбиқ этиш режалаштирилган. Барча хўжалик юритувчи субъектларга мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт шартномалари тузиш орқали экспорт қилиш ҳуқуқини бериш, экспорт қилиш тақиқланган айрим товарларни (нон ва гўшт маҳсулотлари, тирик мол ва парранда) рухсатнома асосида экспорт қилиш тизимини жорий этиш, фойдаланилган машина, жиҳоз ва техникаларни экспорт қилишни соддалаштириш ва тартибини аниқлаштириш, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги санитария нормалари ва карантин қоидаларини жаҳоннинг илғор мамлакатлари стандартларига мувофиқлаштириш кўзда тутилган.

Буларнинг барчаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 8 августдаги қарори асосида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси зиммасига ҳам катта масъулиятлар юклайди.

2016 йилда мамлакатимиз тадбиркорлари жамғарма кўмагида 2,9 миллиард доллардан зиёд ҳажмда экспорт шартномалари имзолади ва улар доирасида 470 тадбиркорлик субъекти қарийб 1,4 миллиард долларлик экспортни амалга оширди. Жамғарма кўмагида амалга оширилган экспорт ҳажми 2015 йилга нисбатан 33 фоизга ошди. Ташқи бозорларга асосан саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилди.

Экспорт салоҳиятига эга корхоналарнинг экспорт фаолиятини рағбатлантириш ва уларга молиявий кўмак кўрсатиш мақсадида жамғарма 2,3 миллиард сўмдан зиёд молиявий кўмак ажратди. 15 хил янги турдаги маҳсулотларни халқаро бозорларга етказиб бериш, 40 корхонада халқаро ISO стандартлари талабларига асосан сифат бошқаруви тизимларини жорий этишда кўмаклашилди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида жамғарма 2016 йилда Москва, Уфа, Милан, Сеул, София, Женева ва Мадрид шаҳарларида хорижий ваколатхоналарини ташкил этди ва тадбиркорларга ушбу мамлакатлар бозорларига экспорт қилишда яқиндан кўмак кўрсатиб келмоқда.

Жамғарма томонидан 242 кичик бизнес субъектига 10 нуфузли халқаро кўргазма ва анжуманда иштирок этишда кўмак кўрсатилди. Натижада тадбиркорларимиз 61,5 миллион долларлик экспортни амалга оширди.

Мамлакатимиздаги ҳар бир туман ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда жамғарма таъсисчилигида 79 агрофирма ташкил этилди. Ўтган даврда мазкур агрофирмалар жамғарма кўмагида 692 миллион 483 минг долларлик экспорт шартномаларини имзолади.

Жорий йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш, уларга товар ва хизматларини ташқи бозорга чиқаришда яқиндан кўмаклашиш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтаришни мақсад қилганмиз.

Жамғарма таъсисчилигида янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган 50 миллион доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб олганмиз. Бунинг натижасида 1,5 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш, хорижий бозорларда юқори талабга эга экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, йилига 25 миллион доллар қийматидаги маҳсулотларни экспорт қилишга эришилади.

Яна бир устувор вазифамиз – тадбиркорларга 500 миллион доллардан кам бўлмаган қийматдаги лойиҳаларини молиялаштиришда бизнес-режа тайёрлаш ва зарур ҳужжатларни банкка топширишда кўмаклашиш. Бу Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш, жумладан, мамлакатимиз ҳудудларида хориждан замонавий технология ва ускуналарни олиб келиш орқали жаҳон талабларига мос ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, янги турдаги экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

Жамғарма таъсисчилигида ташкил этилган агрофирмалар жорий йилда 250 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулотларни экспорт қилиши режалаштирилган. Уларда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини яратиш бўйича қўшимча лойиҳаларни амалга оширишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу билан мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, саралаш, қайта ишлаш бўйича янги қувватларни ташкил этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш орқали умумий экспорт ҳажмида юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларнинг улушини кескин оширишга эришилади.

Бу йил турли мамлакатларда ўтказиладиган халқаро миқёсдаги 20 кўргазма ва ярмаркада тадбиркорлар иштирокини ташкиллаштиришни кўзда тутганмиз. Бу орқали 250 миллион доллардан ортиқ экспорт шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Жамғарма жорий йилда ҳам мамлакатимиз тадбиркорларига хорижий давлатларнинг конунчилигидан келиб чиқиб талаб этиладиган сертификат ва лицензиялар, шу жумладан, ISO, Global Gep, TUV ва бошқа халқаро сифат сертификатларини олишда тизимли ва изчил кўмак кўрсатмоқда. Натижада маҳаллий тадбиркорларимиз ишлаб чиқарадиган маҳсулотларнинг жаҳон бозорларида рақобатбардошлиги оширилади, экспорт географияси сезиларли даражада кенгаяди.

Маркетингсиз, яъни, товар ҳаракатининг барча босқичида талаб ва таклифни ўрганмай, бозор муаммолари ечимида яхлит ва тизимли ёндашмай туриб, экспорт ҳажмини оширишнинг мутлақо имкони йўқ. Шу боис жорий йилда жамғарма мутахассислари 173 мамлакатнинг маҳсулот ва хизматларга бўлган талабини ўрганиш орқали тадбиркорларимизга хорижий ҳамкорлар топиш ва экспорт шартномалари имзоланишида кўмаклашишни мақсад қилган. Жумладан, фермер хўжаликлари учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида МДҲ, Европа, Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида юқори талабга эга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг навлари, уларнинг нархлари ва импорт ҳажмларини ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотлари ўтказилмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида тадбиркорлар ичига кириб, уларни ўйлантираётган, хусусан, корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этишда юзага келаётган муаммоли масалаларни изчил муҳокама қилиш – доимий эътиборимизда.

2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши бўйича шартномада кўрсатилган харажатларни камайтириш, тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улашни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унификациялаш масаласи белгиланган. Бу тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тармоғига улаш тизимини янада такомиллаштиради, унинг муддатлари ва харажатларини қисқартиради. Натижада экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналаримизга катта қулайлик яратилади.

Жамғарма зиммасига юклатилган устувор вазифаларга эришишда 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси муҳим дастуриламал бўлади. Бу – босиб ўтилган йўл, орттирилган тажрибани холисона баҳолаш, эришилган ютуқларни таҳлил қилиш ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада барқарор таъминлаш йўлидаги энг долзарб масалалар ечими, уларга эришиш йўллари ва усуллари белгилаб олинди, дегани. Ҳаракатлар стратегиясининг аҳоли кенг қатлами, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, давлат органларининг раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида тизимли, батафсил ва чуқур муҳокамалардан ўтказилгани мазкур юксак марраларга эришиш жараёнини самарали ташкил қилиш имконини беради.

Бу ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад битта – халқимизни ҳаётдан рози қилиш, бой қилиш. Бунга одамларни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали эришиш мумкин. Зотан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.

You must be logged in to post a comment Login