Фурқат туманидаги 30-мактабгача таълим муассасаси қайта таъмирланиб, ишга тушди

MaktabПрезидентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 – 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва унинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжат асосида болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш, фарзандларимизни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш учун замонавий шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, мактабгача таълим тизими янада такомиллаштирилиб, янги муассасалар қурилади, мавжудлари реконструкция қилинади, мукаммал таъмирланади. Болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилади.

Фарғона вилоятида фаолият юритаётган 643 мактабгача таълим муассасасига 93 мингдан ортиқ бола қамраб олинган. Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур мебель, ўқув-услубий, кўргазмали воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ёш авлодни жисмонан ва маънан баркамол этиб тарбиялаш мақсадида ушбу муассасаларда чет тиллар, спортнинг бадиий гимнастика, шахмат-шашка ва бошқа тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Болаларга қадимий ва бой тарихимиз, миллий урф-одат ва қадриятларимизни ўргатиш мақсадида маънавият хонаси, кичик музей ва кутубхоналар ташкил этилган.

Ушбу қарор асосида вилоятда 190 мактабгача таълим муассасасини мукаммал таъмирлаш, 123 тасини реконструкция қилиш кўзда тутилган. 2 янги мактабгача таьлим муассасаси барпо этилади. Бунинг учун 270 миллиард 550 миллион сўм маблағ сарфланади. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшли болалар учун қисқа муддатли 380 гуруҳ ташкил этилиб, уларга 19 минг бола қамраб олинади.

Фурқат тумани Жангкетмон қишлоғидаги 30-мактабгача таълим муассасаси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилгани қишлоқ аҳолисини беҳад мамнун этди.

– Юртимизда ёш авлод камолотига қаратилаётган юксак эътиборни таълим масканимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин, – дейди 30-мактабгача таълим муассасаси мудираси Юлдузхон Эрматова. – 140 ўринли тарбия масканимиз капитал таъмирдан сўнг замонавий қиёфа касб этди. Болалар гигиеник хоналари, ювиниш, дам олиш ва машғулотлар хонаси, ёзги ҳовли ландшафтининг янги кўриниши ҳар қандай кишини ҳайратга солади.

Туманда 35 умумтаълим мактаби, 36 мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Ўтган йили манзилли дастур асосида 5 миллиард 859 миллион сўм маблағ эвазига 2 мактабгача таълим маскани, 3 умумтаълим мактаби капитал реконструкция қилинди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 17-умумтаълим мактабининг спорт зали қайта таъмирланди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

You must be logged in to post a comment Login