МАРҒИЛОНДА 25-30 ЯНВАРЬ КУНЛАРИ ХАЛҚАРО МИҚЁСДА НУФУЗЛИ БОКС ТУРНИНИ БЎЛИБ ЎТАДИ

BoksМамлакатимиз истиқлол йилларида иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларда мислсиз ютуқлар, юксак натижаларга эришганини бугун бутун дунё ҳамжамияти эътироф этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, мамлактимиз Биринчи Президенти И.Каримов ташаббуси ва раҳнамолиги остида юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук, баркамол этиб вояга етказиш, жисмонй тарбия спортни кенг оммалаштириш, олимпизм ғояларини кенг тарғиб қилишга бўлган эътибор алоҳида аҳамиятга моликдир. Зеро, истиқлол йиллари ўзбек спортининг юксалиш даври бўлиб тарихан ўрин олди. Баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият берилиши, болалар спортини ривожлантириш, ҳудудларимизда спорт инфратузилмасини шакллантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, сарфланган катта куч ва маблағлар ўз самарасини бера бошлади. Бунда «кичик олимпиадалар» — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», Универсиадалар, ўсмир ва ёшлар учун ташкил этилаётган нуфузли турнирлар муҳим омил бўлди. Мамлакатимиз Биринчи Президенти болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ҳисобот йиғилишларидан бирида: «Бугун биз амалга ошираётган ишлар тез кунда портлаш эффектини беради, ўзбек ёшлари жаҳон спорт ареналарида мисли кўрилмаган ютуқларга эриша бошлайди, ўшанда бугунги захматларимиз учун миннатдор бўласиз», — деган фикрни билдирган эди. Буни қарангки бугун биз анашу «портлаш эффектини» гувоҳи бўлиб турибмиз. Ўзбек спортчиларининг Рио-де Жанейродаги XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларида эришган оламшумул ютуқларини бошқача баҳолаб бўлмайди ахир! Бу ўйинларда мамлакатимиз вакиллари жами 44 та медал, шу жумладан 12 олтин медални қўлга киритиб, дунё аҳлини ҳайратга солди. Айниқса боксчиларимизнинг муваффақияти ҳар қанча тахсинга лойиқ. Чарм қўлқоп усталаримиз олимпиадада энг кўп медаллар жамғармаси, шу жумладан 3 та олтин медалга эга чиқиб норасмий жамоавий баҳсларда дунёда биринчи бўлишди. Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўстматов эса тўрт йилликнинг энг нуфузли бахсларини «Энг техник маҳоратли боксчи», кейинроқ эса 2016 йилнинг якунлари бўйича жаҳоннинг «Энг яхши боксчиси» унвонларига сазовар бўлди.

Шу боисдан бугунги кунда ҳам мамлакатимизда олимпизм ғояларини кенг тарғиб қилиш, баркамол авлод тарбияси борасида изчил ислоҳотлар давом этмоқда. Юксак спорт натижалари омили бўлган спорт мусобақалари ташкил этишга, жисмоний тарбия ва спорт оммавийлигини оширишга эътибор ортмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон бокс федерацияси Фарғона вилоят бўлинмаси ташаббуси билан келгуси йили Буэнос-Айреес (Аргентина) шаҳрида бўлиб ўтадиган III Ўсмирлар олимпиадасига бокс бўйича саралаш мусобақалари шаҳримизда ўтказилиши белгиланди. Бу нуфузли халқаро турнирда Россия Федерацияси, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон мамлакатларининг энг иқтидорли ўсмир боксчилари жамоалари Аргентинага йўлланмалар учун бахс юритадилар. Хорижий боксчилар билан бирга бу нуфузли турнирда Республикамиз биринчи жамоасига номзодлар ҳам ўзаро куч синашадилар. Бошқача айтганда мазкур халқаро турнирда Қорақалпоғистон республикаси, барча вилоятлар бокс мактабларининг энг иқтидорли, умидли боксчилари ҳам қатнашадилар.

2001-2002 йилларда туғилган ўсмир боксчиларнинг саралаш турнирига жами 200 нафар шундан 150 нафардан зиёди иқтидорли чарм қўлқоп усталари, 50 нафарга яқин муррабий ва ҳакамлар таклиф қилинган. Барча баҳслар шаҳримиздаги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби залида бўлиб ўтади. Турнир 25 январ куни бошланиб, 30 январга қадар давом этади.

Вилоят бокс федерацияси бу халқаро турнирни Ўзбекистон спорт фахрийлари хотира турнир сифатида нишонлаш ташаббуси билан чиққанлиги ҳам эътиборга молик. Шу боис вилоят бокс федерацияси раиси ўринбосари А.Раҳмоновнинг таъкидлашича бу турнирга мамлакатимиз бокс фахрийлари ва уларнинг оила аъзолари ҳам таклиф этилади. Хусусан Фарғона боксининг чинаккам фидоийлари Ш.Қосимов, В.Глазунов, С.Насириддинов, М.Мухтарулинлар хотирасига эхтиром кўрсатилади. Бахслар давомида энг яхши натижага эришган боксчиларга фахрийлар номидаги махсус совринлар ёки эсдалик совғалари ҳам топширилади. Бир сўз билан айтганда III Жаҳон ўсмирлар оимпиадасининг бокс бўйича саралаш турнири спорт ихлосмандлари учун чинакам байрамга айланади.

Қолаверса шу кунларда шаҳарда бу нуфузли турнирни уюшқоқлик, қизғин спорт бахслари остида байрамона ўтиши учун барча тайёргарлик ишлари якунланди. Спортчи мураббийлар учун меҳмонхоналар, қўшимча машқ заллари тахт. Халқаро турнир иштирокчиларнинг бахслардан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун маданий-маърифий дастурлар режаси ҳам ишлаб чиқилган. Бу дастур асосида уларга бадиий-концерт композициялари намойиш этилади. Уларнинг вилоятимиз ва шаҳримизнинг тарихий, маданий мажмуалари ва бошқа диққатга сазовор жойларига саёхатлари ташкил этилади.

Хуллас, Марғилон нуфузли бокс баҳсларини интиқлик билан кутмоқда ва уни намунали ўтказишга шай. Шу боис барча бокс шинавандаларини бу қизиқарли, кескин спорт мусабақасига таклиф қиламиз.

Спорт-тинчлик, спорт-ҳамкорлик, спорт-дўстлик шиори остида ўтказилаётган нуфузли халқаро бокс саралаш турнири иштирокчиларининг барчасига мазкур ва келажакдаги йирик спорт анжуманларида марғилонлик мухлислар номидан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

You must be logged in to post a comment Login