2016 ЙИЛ ФАРҒОНАЛИК СПОРТЧИЛАРГА ҒАЛАБАЛАРГА БОЙ ЙИЛ БЎЛДИ

SportЎзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатда спортни ривожлантириш, оммавий умумхалқ ҳаракатига айлантириш борасида амалга оширилган изчил сиёсат юксак самараларини бермоқда. Бугун болалар спортига қаратилаётган юксак эътибор туфайли мамлакат аҳолиси спортни сиҳат-саломатлик, соғлом турмуш тарзи, жисмоний ва маънавий баркамоллик манбаи демоқда.

Спортчиларнинг эришаётган улкан ютуқларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ва 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари мустаҳкам асос бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Бугунда 2,5 миллионга яқин ўқувчи-ёшлар спортнинг 30 дан ортиқ тури билан мунтазам шуғулланади. Бунинг учун барча умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейларда зарур шарт-шароитлар мавжуд. Уларнинг барчаси замонавий спорт залларига эга бўлиб, малакали мутахассислар томонидан янги авлод вакилларига сабоқ берилмоқда. Бунинг натижасида ёш ўғил-қизлар халқаро спорт майдонларида юксак марраларни қўлга киритганмоқдалар.

2016 йил фарғоналик спортчи ёшлар учун омадли ва ғалабаларга бой йил бўлди. Айниқса, дилбар Фарғонамиз мезбонлик қилган ёшлик, гўзаллик ва спорт байрами – Универсиада ҳайратомуз, ҳаяжонли лаҳзалари барчага олам-олам завқ улашиб, ёрқин из қолдирди.  Универсиада  ўйинларида Фарғона вилояти жамоаси 21 та олтин, 34 та кумуш ҳамда 9 та бронза медаллари билан, умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг 2-поғонасидан ўринни эгаллаб, иккинчи даражали диплом ва Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси “Дамас” автомобилини қўлга киритишди.

Бразилиянинг Рио-де- Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ўттиз биринчи ёзги  Олимпиада ўйинларида  фарғоналик спортчилар ҳам муваффақиятли иштирок этишди. 206 та давлат боксчилари  ўртасида  медаллар жамғариш борасида рекорд ўрнатган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари орасида Фарғона бокс мактаби тарбияланувчиси Бектемир Мелиқўзиев борлиги қувонарлидир.Ўзбек ўғлони Олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори бўлиб қайтди.

Қува туманидаги 2-БЎСМ тарбияланувчиси Зулфия Мамажонова ҳаётида  2016 йил  ўчмас из қолдирди. Акробатчи чемпион қизимиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди. 10 йилдан буён спортнинг акробатика тури билан шуғулланиб, республика чемпионатларида, турли  халқаро турнирларда  олтин  медаллар шодасини тўплаган  Зулфия Мамажонова  2011 йилда “Йилнинг энг яхши спортчиси” бўлди.

Марғилон шаҳридаги 1-тиббиёт коллежи ўқувчиси, 2-БЎСМ тарбияланувчиси  Шаҳбозхон  Хайруллохўжаев  жорий йил сентябрь ойида Молдавиянинг Кишинёв шаҳрида қўл жанги бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўз вазн тоифасида фахрли 1-ўрин ва олтин медални қўлга киритди.Чемпионатда 15 та давлатдан 300 дан зиёд спортчилар иштирок этди. 16 ёшли жаҳон чемпиони Шаҳбозхон юртимиз  байроғини  баланд кўтариб, спортимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Шаҳардаги 1-БЎСМ тарбияланувчиси Робияхон Сардорова ҳам Тошкент шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган “Тошкент кузи” республика турнирида 1-ўринни эгаллади.

Таэквон-дочи  спортчиларимиз эришган ютуқлар ҳам салмоқли. Қора белбоғ соҳиби, спорт устаси, бош мураббий Ботиржон Баҳодиров шогирдлари жорий  йил  Қозон шаҳрида  ўсмирлар ва катталар ўртасидаги 10-жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг юқори  поғоналаридан  жой  олишди. Чемпионатда иштирок этган  Нодира  Муҳаммаджонова, Гулноза Солиева, Шаҳбозбек Абдумуталиповлар олтин, кумуш ва бронза медални олишган бўлса, Қўштепа туманилик 6 ёшли таэквондочи Одилбой Абдубаннопхўжаев  жаҳон  чемпионатининг  6-7 ёшли спортчилар орасида ўтказилган фестиваль  йўналишида  23 килограмм  вазн тоифасида фаол иштирок этди.

Ёзёвон туманидаги 2-БЎСМ тарбияланувчиси Шоҳруҳмирзо Мамажонов  ўзбек  жанг санъати устаси,  6 карра Ўзбекистон чемпиони. У 2012-2015 йилларда  Америка, Корея, Россия давлатларида ёшлар ўртасида  ўтказилган жаҳон чемпионатларида кумуш ва бронза медаллар соҳиби бўлди.

Вилоятимизнинг бадиий гимнастика, енгил атлетика, сузиш, чим устида хоккей, кикбоксинг, теннис ва бошқа спорт турлари бўйича кўплаб чемпионлар етишиб чиққани бизга фахр-ифтихор бахш этади. Фарғоналик спортчиларимиз 2017 йилда ҳам бундан-да юксак ғалабаларни қўлга киритишларига ишонч билдирамиз.

You must be logged in to post a comment Login