ЎЗБЕКИСТОН САЙЛОВЛАР ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ?

11Ўзбекистон тарихида биринчи марта муддатидан илгари ўтказилган Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш учун жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Юртимиздаги барча оммавий ахборот воситалари орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодларнинг сайлов олди дастурлари тенг шароитларда кенг ёритилиб, ташвиқот-тарғибот ишлари  олиб борилди.

АҚШ, Россия ва Франция давлатларида охирги 25 йил давомида бўлиб ўтган Президентлик сайловларида қайд этилган натижа ва хулосалар  билан юртимизда бўлиб ўтган Президентлик сайлови натижаларини қиёслаб чиқиш ўринлидир. Энг аввало, сайловчиларнинг сайлов кунидаги иштироки борасида ҳамма мамлакатда ҳам қувонарли натижага эришилган эмас.

Дунё давлатларининг айримларида, масалан, Австралия, Белгия каби давлатларда сайловчиларнинг овоз беришда иштирок этиши мажбурий эканлиги белгиланган. Бунинг учун маълум жарима жорий этилган бўлсада, ушбу давлатларда ҳамон сайловчиларнинг тўлиқ даражадаги иштироки қайд этилмаган. Сўнгги чорак асрда бўлиб ўтган АҚШдаги 7 та,  Россиядаги 6 та, Франциядаги 4 та Президентлик сайловларида сайловчиларнинг иштироки мос равишда ўртача 64, 68, 80 фоизни ташкил этган.

Мамлакатимизда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтган сайловда сайловчиларимизнинг қарийб 88 фоиз кўрсаткич билан иштирок этишлари юртдошларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги ортиб, фуқаролик позицияси кучайганлигининг яққол далили бўлди.

АҚШда ўтказилган сўнгги 7 та Президентлик сайловларининг ҳар бирида 10га яқин номзодлар иштирок этган бўлсада, бироқ асосий кураш икки нафар номзодлар ўртасида борган. Ушбу сайловлардаги номзодларнинг эришган энг юқори кўрсаткичи қарийб 52 фоизни ташкил этади. Қолган номзодларнинг 30 дан ортиғи ҳаттоки, сайловчиларнинг 1 фоиз овозини ҳам тўплай олмаган.

Францияда бўлиб ўтган охирги 4 та Президентлик сайловларида эса Президентликка номзодларнинг  энг яхши натижаси 82 фоиздан зиёдроқ сайловчиларнинг овозини тўплаган бўлса, ушбу сайловларнинг биринчи турида иштирок этган 40га яқин номзодлар ҳар бирининг ўртача тўплаган овозлари 5,2 фоизни, улар ичида энг оз овоз тўплаган номзоднинг кўрсаткичи 0,25 фоизни ташкил этган.

Россияда ўтган охирги 6 та Президентлик сайловларида ҳам асосий кураш икки нафар номзод ўртасида кечган. Ушбу сайловларда жами 40 дан ортиқ номзодлар иштирок этган бўлиб, улар орасидаги энг юқори кўрсаткич 71,31 фоизни ташкил этган бўлиб, 30 нафар номзод эса 8 фоиздан кам овоз тўплаган.

Юқорида санаб ўтилган давлатларда ўтказилган Президент сайловлари бўйича ҳисоботларда сайловларнинг умумий демократик тамойилларга мос ҳолда ўтказилганлиги эътироф этилиб, ЕХҲТнинг қатор мажбуриятлари жиддий бузилганлиги таъкидланган. Жумладан, ушбу сайловларда халқаро кузатувчилар томонидан сайловчилар рўйхатининг сохталаштирилганлиги, сайловчиларнинг овоз бериш ҳуқуқи бузилиши, электрон овоз бериш тизимларида узилишлар рўй бергани, яширин овоз бериш принципларига амал қилинмаслик ҳолатлари, давлат оммавий ахборот воситалари томонидан айрим номзодларнинг ҳуқуқлари чекланиши  ҳамда  айрим ҳудудлардаги сайлов участкаларига ҳалқаро кузатувчилар иштирокини таъминловчи ҳуқуқий кафолатларнинг мавжуд эмаслиги  каби ҳолатлар аниқланган. Бундан ташқари, кузатувчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилмагани сабабли Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Президентлик сайловини кузатишда иштирок этишни рад этган ҳолатлар ҳам учраган.

Республикамиздаги охирги Президентлик сайловида ушбу халқаро ташкилотнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутун жаҳон сайлов органлари уюшмаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 46 та давлатдан 600 нафарга яқин кузатувчилар иштирок этди. Кузатувчиларнинг якуний хулосасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилигимиз талаблари ва  халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган демократик тамойиллари асосида очиқ ва ошкора ўтказилгани таъкидланди.

Бўлиб ўтган Президент сайловида халқимизнинг ўз хоҳиш иродасини очиқ ва ошкора  ифода этганлиги Ватанимиз тараққиёти, юртдошларимиз ҳаёти янада фаровон бўлишида муҳим аҳамиятга эгадир.

You must be logged in to post a comment Login