ФАРҒОНАДА ДЎСТЛИК ВА МАДАНИЯТ ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТДИ

6

Фарғона шаҳрида Республика Байналмилал маданият марказининг 25 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида дўстлик ва маданият фестивали бўлиб ўтди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Қ.Имомов ва бошқалар Биринчи Президентимиз раҳнамолигида миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Фарғона вилоятида бугунги кунда 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-осойишта ҳаёт кечириб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларнинг ўз урф-одат ва расм-русумларини тўлиқ адо этиши, миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши учун барча шароит яратилган. Вилоятда 7 та миллий маданият марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Тадбир доирасида вилоят миллий маданий марказлари фаолиятига бағишланган кўргазмалар намойиш этилди.

Фестивалда миллий маданият марказлари бадиий жамоаларининг юртимиздаги тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, баркамол авлодни тарбиялаш йўлидаги улкан ғамхўрликни, беғубор ва самимий туйғуларни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради. 

You must be logged in to post a comment Login