“Оскар” мукофоти даъвогарлари рўйхати эълон қилинди

оскар

Америка кинематография санъати академияси “Оскар” мукофотига даъвогарлар рўйхатини эълон қилди. Жаҳондаги энг обрўли киносовринлардан бири ҳисобланувчи мукофот 24 номинацияда топширилади. Ғолибларни тантанали эълон қилиш ва тақдирлаш маросими 26 февралда Ҳолливудда бўлиб ўтади. Даъвогарлар рўйхатида фильмлар, актёрлар, режиссёрлар, сценарийнавислар ва киносаноатига улкан ҳисса қўшган санъат арбоблари бор. 

Шундай қилиб, киноакадемия сайтида эфирга узатилган махсус лавҳада даъвогарлар исм-шарифлари эълон қилинган. Рўйхатни актрисалар Бри Ларсон, Женнифер Хадсон, оператор Эмануэль Любецки, режиссер ва сценарийнавис Жейсон Райтман, япон актёри Кен Ватанабэ ҳамда киноакадемия президенти Шерил Бун Айзекс ўқиб берган. Демак, танишамиз:

Энг яхши эркак роли учун

Бу номинацияда актёрлар Кейси Аффлек («Денгиз яқинидаги Манчестер»), Райан Гослинг («Ла-ла-ленд»), Эндрю Гарфилд («Виждон амри билан»), Вигго Мортенсен («Капитан Фантастик») ва афроамерикалик Дензел Вашингтон («Тўсиқлар») бош соврин учун кураш олиб боришади.

Энг яхши аёл роли учун

Эмма Стоун, Натали Портман ва Мэрил Стрип киноакадемия томонидан ушбу совринга даъвогарлар сифатида қайд этилган. Улар билан бирга, Рут Негга («Лавинг») ва франциялик Изабель Юппер («У-аёл») ҳам рўйхатга киритилган.

Энг яхши режиссёр

2017 йилги энг яхши режиссёр унвонига Дэмьен Шазелл («Ла-Ла Ленд») ва Мэл Гибсон («Виждон амри билан»), Барри Женкинс («Ой нури»), Кеннет Лонерган («Денгиз яқинидаги Манчестер») ва Дени Вильнёв («Келиш») курашади.

Энг яхши фильм

Кинотанқидчилар бу борада 9та картинани танлашган. Булар: «Ла-Ла Ленд», «Шер», «Келиш» ва «Ой нури», «Виждон амри билан», «Фигурани яшириш», «Денгиз яқинидаги Манчестер», «Қандай бўлмасин» ва «Тўсиқлар» фильмларидир.

Хорижий тилдаги энг яхши фильм номинацияси учун Австралия, Дания, Эрон, Германия ва Швеция режиссёрлари ижодига мансуб фильмлар курашади. 

Энг яхши тўлиқ метражли анимация фильми

Бу таснифда «Ҳайвонлар шаҳри» ва «Моана», шунингдек, «Кубо. Самурай ҳақида афсона», «Қизил тошбақа» ва «Қовоқча ҳаёти» мультфильмларидан бири танланади. 

Бундан ташқари, иккинчи даражали энг яхши аёл ижрочи ва эркак актёр аниқлаб олинади. Шу билан бирга, энг яхши махсус эффектлар муаллифига ҳам киноакадемия соврини берилади. 

 

You must be logged in to post a comment Login