ЎЗБЕКИСТОН АФҒОНИСТОНДА ТИНЧЛИК ЎРНАТИЛИШИ ТАРАФДОРИ

афгон

Бугун дунёнинг қайси бурчагида бўлманг Афғонистон ҳақида гап борганда кўпчиликнинг кўз ўнгида уруш, хунрезликлар, вайронагарчиликлар, бегонуҳ одамларнинг кўз ёши, етим қолган норасидалар келади. Нега? Нима учун бу жафокаш халқ уруш ичида яшашга маҳкум? Нима учун тамаддундан орқада қолган бу замин сўнгги икки аср ичида улкан сиёсий кураш майдонига айланиб қолди?

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритган дастлабки йиллардан бу қардош мамлакатда тинч ва осуда ҳаёт таъминланиши учун халқаро минбарларда бонг уриб келмоқда. Айниқса, бундан йигирма уч йил аввал, 1993 йилдаёқ, яъни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов халқаро ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этишда фаол кўмаклашишга чақирган эди. Кўпчилик бу муаммога енгил қаради. Бугун эса афғон муаммоси ўта долзарб масалага айланди. У ердаги турли ноқонуний кучлар бугун яхшигина қудратга эга бўлди. Янги оқимлари куртак ёзди. Сафи кенгайди. Террорчилар секин-аста нафақат Ливия, Ироқ, Сурия, Миср каби давлатлар, балки дунёнинг мана-ман деган тараққий топган мамлакатда ҳам ўз жиноий таъсирига эга бўлди. Ривожланган Германия, АҚШ, Франция, Бельгия, Швейцария, Туркия каби гегемон давлатларида ҳам террорчилик хуружларини амалга оширмоқдалар ва бунинг охири ҳали бери кўринадиган даражада эмас. Лекин муаммонинг ечими борасида яна ўша оқсоқлик давом этмоқда. Барча манфаатдор давлатларнинг ушбу масалада фикри бир-биридан айролигича турибди. Бунинг натижасида эса фақатгина минтақа мамлакатлари ва жафокаш афғон халқи тинчлигига путур етмоқда холос.

Шу боис Ўзбекистон Афғонистон бўйича қатъий позицияга эга: бу давлатда фақатгина сиёсий йўл билан тинчлик ўрнатиш ва унинг келажаги бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларни афғон халқининг ўзига қўйиб бериш лозим деб ҳисоблайди.

Ва йиллар давомида Афғонистон билан савдо-саноат, энергетика, нефть-газ, божхона, транспорт ва транспорт коммуникациялари, темир йўл, авиаташув, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика соҳаларида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида икки томонлама истиқболли ҳамкорлик олиб бориш йўлида қатъий одимламоқда.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги савдо, иқтисодиёт, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаш мумкин. 

Ўзбекистон Афғонистондаги қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда. Мамлакатимизнинг ёрдами билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик-толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилган. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ҳайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурилган. 

Бугун Ўзбекистон инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистон иқтисодиётини янада ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиб келмоқда. 

Мамлакатимиздан Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилинмоқда. 2016 йилнинг январь-октябрь ойлари якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 429 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда афғонистонлик сармоядорлар иштирокида тузилган 70 корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар савдо, хизмат кўрсатиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда иш юритмоқда. 

Жорий йилнинг октябрь ойида Сурхондарёга ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон ҳақида сўз юритиб, жумладан шундай деди:

«Қўшни Афғонистон президенти [Ашраф Ғани]нинг энг оғир кунларимизда келиб-кетгани бизга, элимизга, президентимизга бўлган ҳурмат белгисидир. Яқинда ташқи ишлар вазири [Абдулазиз Камилов] Брюсселда у билан кўришиб, ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди. Ўйлаймизки, яқинда ТИВ вакиллари Афғонистонга бориб, ҳамкорлигимизни ривожлантириш бўйича катта битимларни имзолайди. Бундан кейин ҳам меҳнаткаш афғон халқи билан ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун қўлимиздан келгунча ҳаракат қилишимиз керак».

Бизнинг мақсадимиз ҳам, ниятимиз ҳам бир: қардош афғон халқининг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрнига эга бўлиши ва ўз халқи учун муносиб келажак қуриши лозим. Ушбу борада Ўзбекистон барча имкониятларини ишга солади ва тинч йўл билан Афғонистонни қўллаб-қувватлайди.

You must be logged in to post a comment Login