ТАДБИРКОРЛАРГА ИМТИЁЗЛАР КЎЛАМИ КЕНГАЙМОҚДА

tadbirkorЎзбекистонда иш билан банд аҳолининг 77 фоиздан ортиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Бу тадбиркорлик аҳоли бандлигини таъминлашда нақадар муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.

Ҳозирда юртимизда минглаб хусусий корхоналар фаолият кўрсатмоқда, улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар ички эҳтиёжларимизни қондириш баробарида ташқи бозорга ҳам экспорт қилинмоқда. Хизмат кўрсаиш соҳасида ҳам хусусий секторнинг улуши йилдан йилга ошиб бормоқда.

Тадбиркорлик соҳасига ҳукуматимиз томонидан берилаётган эътибор халқаро иқтисодий ташкилотларнинг рейтингларида ўзининг ижобий ифодасини топмоқда. 2016 йилнинг октябрь ойида Жаҳон банкининг бизнес юритиш рейтингида 190 та давлат ичида Ўзбекистон 87-ўринни эгаллаб, ўтган йилги ўрнини сақлаб қолган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим қадам бўлди.

Мазкур Фармон билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, улар фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.

Эндиликда давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар ўз фаолиятида юқорида кўрсатилган талабни ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлайди.

Ушбу муҳим ҳужжатда тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш ҳам белгилаб берилди.

Фармонга мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига бир қатор янги қулайликлар жорий этилиши белгилаб қўйилди.

Хусусан, юридик шахсларнинг тугатилиши билан боғлиқ текширишлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлардан ташқари тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун уларнинг жавобгарлик масаласини ҳам анча эркинлаштириш назарда тутилмоқда.

Жумладан, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиги ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар.

Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар. Қолаверса, келгусида тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмайди.

Фармонда тадбиркорлик субъектлари учун янги ва янада қулай бўлган имтиёз ва преференциялар жорий этилиши кўзда тутилган. Хусусан, хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилади.

Тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этиладилар.

Фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эгадир.

You must be logged in to post a comment Login