Данғара туманида ёшлар фестивали ўтказилди

%d0%b4%d0%b0%d0%bd%d0%b3%d0%b0%d1%80%d0%b0

Вилоят ҳокимлиги, «Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, олимлар, санъат намояндалари, спортчилар ва ёшлар иштирок этди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган шароитлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Миллий ва умуминсоний қадриятларнинг аҳамияти, уларга қарши бўлган турли ёт ғоя ва маънавий таҳдидлар моҳиятини очиб беришга қаратилган тадбирлар ёшларни ҳушёрликка, ҳаётга теран нигоҳ билан боқишга ундайди. “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!”, “Ёшлар гиёҳвандлик, жиноятчилик ва терроризмга қарши” каби фестиваллар, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Мен диний экстремизм ва терроризмни қандай тушунаман?” мавзуларидаги учрашув ва давра суҳбатлари шулар жумласидандир.
Фестиваль катта шодиёнага айланиб, туманнинг барча таълим масканлари ва маҳаллаларида ўтказилди. Фестиваль доирасида “Бу – менинг Ватаним!”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Одам савдоси – давр муаммоси”, “Касбим – фахрим”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” сингари мавзуларда турли лойиҳалар амалга оширилди. “Экстремизм ва терроризмнинг салбий оқибатлари, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асрашда ота-она, маҳалла ва таълим муассасаларининг роли” мавзусида семинар ўтказилди.
“Нуронийлар эъзозимизда”, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” лойиҳалари доирасида уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди, бугунги дориломон кунлар, мустақиллик берган имкониятлар ҳақида суҳбатлашилди.
“Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” лойиҳасида туман маҳаллалари ёшлари ўртасида футбол мусобақаси ташкил этилди. “Тинчлик учун курашайлик” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
– Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда биз, ёшлар ҳам фаол иштирок этаётганимиздан фахрланамиз, – дейди Фарғона политехника институти талабаси Зулайҳо Эрматова. – Бундай тадбирлар бизни янги марра ва мақсадларга ундайди. Мен айни пайтда қишлоқ хўжалиги соҳасига янги инновацион технологияларни жалб этиш борасида илмий изланиш олиб бормоқдаман.
Ёшлар фестивали туман марказий стадионида намойиш этилган концерт дастури билан якунланди.

You must be logged in to post a comment Login