Жорий йилда Ўзбекистонда 64,6 минг тонна сиғимга эга бўлган 164 янги совутиш камераси ташкил этилди

%d0%b6%d0%be%d1%80%d0%b8%d0%b9-%d0%b9%d0%b8%d0%bb%d0%b4%d0%b0

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 1 июндаги Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил этиш ва уни ҳар йили ўтказиб туриш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан ўтказилган мазкур ярмарка «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компаниялари, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси ва «Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси» масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Халқаро ярмаркада ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, совутиш ускуналари, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар ишлади. Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳаси ютуқлари ва янгиликлари барча вилоятлар экспозицияларида кенг намойиш этилди.
– Вилоятимизда жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 17 миллион доллардан зиёд бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди, – дейди «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компаниясининг Навоий вилояти вакили Баҳодир Каримов. – Кўргазмада ҳам фермер хўжаликларида етиштирилган ноз-неъматлардан ташқари, мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган йигирмадан ортиқ корхона маҳсулот намуналари кенг намойиш этилди. Натижада помидор, бодринг ва дуккакли экинлар етказиб бериш бўйича 25 миллион долларлик шартнома тузилди.
Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон каби мамлакатлардан икки юздан зиёд ишбилармон доиралар вакиллари қатнашгани чет эл ишлаб чиқарувчилари ҳамда савдо компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдорлиги ошаётганини кўрсатди.
– Ташкилотимиз Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келаётир, – дейди Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси бош ижрочи директори Халед Муҳаммад Ал-Абудий. – Шу пайтгача кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга ошириб, инвестиция киритдик. Ўзбекистонда турли соҳалар қатори аграр саноатда фаолият кўрсатаётган чет эллик инвестор ва шериклар учун қатор солиқ ва божхона имтиёзлари, бошқа преференциялар жорий этилгани, уларнинг мамлакатингизда муваффақиятли бизнес юритишида қулайлик яратмоқда.
Қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2016-2020 йилларда мева-сабзавотларни сақлаш бўйича моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмасининг ҳудудий компаниялари, фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналар томонидан 64,6 минг тонна сиғимга эга бўлган 164 янги совутиш камераси ташкил этилди. Мамлакатимизда мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди. Натижада йил давомида нархлар барқарорлигини таъминлаш, аҳолига асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, ушбу маҳсулотлар экспортини кенгайтириш имконияти яратилди.
– Экологик тоза, сифатли ва мазали мевалар, узум ва полиз экинлари етиштириш жараёнида уруғчиликдан бошлаб, биологик кураш, лизингга техникалар бериш каби тизим йўлга қўйилгани алоҳида эътирофга лойиқ, – дейди Жанубий Кореянинг «Myung Seong International» компанияси бошқарувчи директори Жунг Хю Вон. – Биз мева пюрелари асосида шарбат ишлаб чиқариш корхонасида бўлдик, маҳсулотларнинг сифатини баҳоладик. Корхона билан ҳамкорлик борасида келишиб олдик.
– Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида қарийб 16 миллион долларлик шартнома имзоладик, – дейди Андижон вилоятидаги «Маматов гранд инвест» масъулияти чекланган жамияти директори Хуршидбек Маматов. – Унинг асосий қисмини карам, гилос, лимон ва узум экспорти ташкил этади. Корхонамиз жорий йилнинг баҳорида иш бошлаган бўлса-да, Украинада барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, Чехияда қуруқ мевалар билан савдо қилувчи савдо уйи ташкил этдик. Маҳсулотлар сақлашни янада кенгайтириш, уларнинг фойдалилигини ошириш учун беш минг тонналик совутгич қуришни бошладик. Келгусида мева-сабзавотларни қайта ишлашни ҳам йўлга қўймоқчимиз.
Анжуман доирасида иштирокчилар Тошкент, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Жиззах вилоятларидаги корхоналар, фермер хўжаликлари ва боғларда бўлиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар самаралари, мева-сабзавот етиштириш, сифатли сақлаш ва қадоқлаш тизими, экспортга тайёрлаш жараёни билан бевосита танишди.
Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришнинг тежамкор технологиялари, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш тизимини такомиллаштириш, ушбу маҳсулотларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, селекция ва уруғчилик, сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу хорижий инвестицияларни янада кенгроқ жалб этиш, жаҳон озиқ-овқат маҳсулотлари бозорининг йўналишлари ва ривожланиш истиқболларини таҳлил этиш, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login