КЕЛАЖАГИМ УЧУН ОВОЗ БЕРАМАН

saylov-vayoshlarФарғонада “Мен ўз келажагим учун овоз бераман” шиори остида “Сайлов ва ёшлар” форуми бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ёшлари иштирок этди.
Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори навқирон авлоднинг ҳуқуқий-сиёсий маданиятини юксалтириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, ёшларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ёшлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этаётир. Буни 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнида ҳам кузатиш мумкин.
Мамлакатимизда демократик талаблар ва халқаро стандартларга мос миллий сайлов тизими яратилган. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш, фуқаролар, жумладан, ёшларнинг сайлов ҳуқуқини тўла амалга ошириши учун шароит яратиш борасидаги қонунчилик изчил такомиллаштириб борилмоқда.
– “Сайлов ва ёшлар” форуми йигит-қизларнинг мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, уларда Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, сайловларга муносиб тайёргарлик кўриш ва ушбу сиёсий жараён ҳақида илк бор иштирок этувчи ёш сайловчиларнинг хабардорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси ўринбосари Аҳаджон Акбаров.
Форум вилоят марказидаги Аҳмад Фарғоний мажмуасида бошланди. Улар буюк аллома ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди. Шундан сўнг иштирокчилар Фарғона политехника институтида бўлиб, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мазкур институт биносида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 729-сайлов участкасидаги сайловга тайёргарлик ишлари ҳам ёшларда катта таассурот қолдирди. Сайлов қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлар, сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш ва бошқа масалалар бўйича фикр алмашилди.
– Мен бу йил биринчи марта сайловда қатнашаман, – дейди Фарғона санъат коллежи ўқувчиси Моҳидил Қурбонова. – Форумда сайловда ҳар бир сайловчининг овози муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор англадим. Биз, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашимиз, истеъдод ва салоҳиятимизни кенг намоён этишимиз учун барча шароит яратилган. Сайловда Биринчи Президентимиз бошлаб берган ана шу эзгу ишларни изчил давом эттиришга бел боғлаган муносиб номзодга овоз бераман.
Риштон туманида видеоконференция тарзида ўтказилган тадбирда барча шаҳар ва туман марказларида йиғилган ёшлар билан очиқ ва жонли мулоқот бўлди. Тадбирда ёшлар юксак демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган миллий сайлов тизими, сайлов жараёнида тенглик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш мақсадида сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар билан атрофлича таништирилди.

You must be logged in to post a comment Login