МЕҲР-ШАФҚАТ ВА БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ОЛИЙ НАМУНАСИ

%d0%b0%d0%bc%d0%bd%d0%b8%d1%81%d1%82%d0%b8%d1%8fЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан шу йил 12 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш борасида Фарғона вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
– Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга, жамиятда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Комилахон Кавлонова. – Амнистия тўғрисидаги ушбу қарор ҳам юртимизда инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлаш, фуқароларнинг Конституция ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Бундай бағрикенглик ҳаётда тўғри йўлдан адашиб, жиноят кўчасига кириб қолган айрим фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур қарор ижроси доирасида Фарғона шаҳридаги тергов ҳибсхонасида суд жараёни бўлиб ўтди. Унда суд, прокуратура ва ички ишлар идоралари ходимлари, сенаторлар, депутатлар иштирок этди. Шу куни амнистия тўғрисидаги қарорга асосан 49 маҳкум озод этилди.
Саидолим Исмоилов Қўқон шаҳридан. У 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Амнистия қарори туфайли муддатидан олдин оиласи бағрига қайтди.
– Давлатимиз ва халқимизнинг бундай бағрикенглигидан жуда хурсандман, – дейди С.Исмоилов. – Мен каби адашиб жиноят кўчасига кириб қолганларни кечириб, тўғри йўлга кириш учун имконият берилган экан, бу ғамхўрликни ҳалол меҳнатим билан оқлашга сўз бераман. Оиламга, эл-юртга наф келтириш учун мамлакатимизда яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорликни йўлга қўймоқчиман.
Фарғона шаҳрида яшовчи Тамара Бобоева ҳам шу куни давлатимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойили асосида чиқарилган қароридан қалби қувончга тўлди. Содир этган жинояти учун жазо ўтаётган ўғли Шуҳрат Шерматов муддатидан олдин озодликка чиқди.
– Халқимиз ҳамиша адашганни кечириб, йиқилганни суяб келган, – дейди онахон кўзларини артиб. – Менинг фарзандим каби билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолганларни кечиришгани учун катта раҳмат айтаман. Ўғлим бундай хатони қайта такрорламайди, шундай олижаноб юртга муносиб бўлади.
Айни пайтда жазони ижро этиш жойларидан қайтган шахсларнинг жамиятга мослашишига кўмаклашиш, уларни маънавий қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш, тегишли ёрдам кўрсатиш, тиббий кўмакка муҳтожларга соғлиғини тиклаши учун шароит яратиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилаётир.
Амнистия актига асосан озод этилган шахсларнинг оилаларидаги муҳит ва яшаш шароитлари ўрганилиб, профилактика тадбирлари ўтказилмоқда.

You must be logged in to post a comment Login