ИККИ ХАЛҚНИ БОҒЛАБ ТУРГАН РИШТАЛАР

%d1%81%d0%ba%d0%b0%d1%87%d0%b0%d0%bd%d0%bd%d1%8b%d0%b5-%d1%84%d0%b0%d0%b9%d0%bb%d1%8b-1Илгари хабар берганимиздек, Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг янги босқичи жараёнида 130 нафардан иборат делегация Қирғизистондан Андижонга ташриф буюрди. Меҳмонлар Андижон мисолида юртимиздаги ислоҳотлар билан танишдилар. Самимий ташрифдан сўнг Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларидан 140 кишилик делегация Ўш шаҳрида тантанали кутиб олинди. Икки халқ учрашуви ҳақидаги тафсилотлар ОАВ да кенг ёритиб борилмоқда.
Ўзбек ва қирғиз халқи азалдан бир булоқдан сув ичган, қон-қардошлик ришталарини мустаҳкамлаб келган, урф-одат, анъаналари уйғунлашиб кетган аҳил эл саналади. Шу кунларда таҳририятимизга ушбу дўстикни тараннум этувчи шеърлар, насрий асарлар, мақолалар келиб турибди. Қуйида андижонлик ҳамкасбимизнинг лавҳаси билан танишасиз.
ФАРҒОНАЛИК ДЎСТЛАРИМНИ СОҒИНАМАН!
Яқинда қариндошим, Жалил ака Тошбоев Қирғизистонга, Саричелак қўриқхонасига, қизининг уй тўйига таклиф қилди. Жон деб кўндим, саксонга қараб кетаётган оқсоқолнинг сўзини қайтариш яхши эмас, бошқа томондан анча йиллардан бери Қуршобдаги амаким, Топдиқдаги жиянларимни кўролмай диққат бўлиб юрар эдим. Йўлнинг анча узоқлигини ҳам билардим, аммо оқсоқолнинг ғайратини кўриб, унга қўшилдим.
Қариндошимизнинг қудаси, 75 ёшли Турдали ота Дубанаев келини Хулкаройнинг тоғ ёнбағрида қуриб битказилган янги уйида кутиб олди. Бойвучча Сабрбиби чоли адашиб кетса, унча-бунча гапларни тўғрилаб турарди. Ҳаммамиз эски қадрдонлардек қучоқлашиб, бир-биримизни бағримизга босган ҳолда иссиқ кўришдик. Оқсоқолнинг олти ўғли, икки қизи бор экан, келинлар-куёвлар бўлиб бир уй одам йиғилибди. Бу орада оқсоқолнинг ўғилларидан бири каттагина қўчқорни етаклаб келиб, дуо олиб кетди.
Турдали ота ўзаро суҳбат асносида ўзининг қандай қилиб олий маълумот олгани ҳақида гапириб берди.
Бир куни қош қорая бошлаган пайтда катта кўчадан бир гуруҳ одамларнинг келаётганини кўриб қолибди. Улар яқинлашган пайтда меҳмонлар бошқа жойдан келганликларини билиб, салом берибди. Меҳмонлардан бири унга томон қайрилиб келиб:
– Агар имконингиз бўлса, бир кечага уйингиздан жой берсангиз, – деб илтимос қилибди. Азалдан меҳмондўст бўлиб келган Турдали уларни бажонидил қабул қилибди. Катта меҳмонхонага жой қилиниб, дастурхон тузалибди.
– Энг аввало одамгарчилигингиз учун, қолаверса, нон-тузингиз учун сизга катта раҳмат! – дебди ўн беш чоғлик меҳмонларнинг каттаси, сочларига оқ оралаб қолган одам. – Биз Фарғонаданмиз, педагогика институтида бирга ишлайдиган ҳамкасблармиз, орамизда вилоят, Марғилон шаҳар қўмиталаридан ҳам вакиллар бор. Эртага бизни, Саричелакка биринчи олиб борсангиз.
Турдали уларни катта кўлга олиб борибди, сўлим жойларни кўрсатибди. Меҳмонлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, кечга томон яна ўз хонадонига таклиф этиб, уларни қўй сўйиб, меҳмон қилибди. Яна ўша кечаги одам сўз олиб, шундай дебди:
– Сиз бизга ёқиб қолдингиз, Турдали. Августнинг бошида ҳужжатларни тайёрлаб, Фарғонага борасиз, мен сизни кутиб оламан. Сиз педбилим юртини битириб анча ишлаб қўйибсиз, институтимизда таҳсил олиб келинг!
Ҳужжатларни тайёрлаб, минг ўйлар билан Фарғонага борган Турдалини ҳалиги одам кутиб олибди, кейинчалик билса, у сиртдан ўқийдиган бўлим декани экан. Шундай қилиб, Турдали ака олийгоҳга ўқишга кирибди. Институтда унинг исмини айтишмас, ҳамма “Саричелак” деб атарди.
– Ўша деканимиз Мадаминжон акадан бир умр қарздорман, – дейди Турдали ота. – Бошқалар ҳам кўпинча мен борганда тўпланишиб қолишар, Саричелакни эслаб, чойхоналарда палов уюштирар эдик. Мен бу ерда – Саричелакда жўрачиликни ташкил этганман, бир дастурхон атрофида ўтирганлар дўст-улфат бўлиб кетганмиз, кейинчалик қудалашиб ҳам қолдик. Ҳозир ҳам ўша талабалик йилларимни, Фарғонадаги устозларимни, курсдошларимни, дўстларимни ҳамиша соғиниб яшайман.
Шу тариқа Турдали қария олис Саричелакда ўзбек дўстларининг ёрдами билан дастлабки олий маълумотли ўқитувчилардан бўлган экан, кейинчалик мактабларда илмий бўлим мудири, директор ўринбосари, директор бўлиб ишлаб нафақага чиқибди. Йигирмага яқин невараси бор, умр йўлдоши Сабрбиби билан бахтли ҳаёт кечирмоқда. Унинг бир нияти – Ўзбекистонга келиш, Фарғонада ўша эски қадрдонларини топиб, улар билан чойхонада бир отамлашиш. Ҳар галгидай Саричелакнинг қимизи, шифобахш асали ва сариёғидан бунинг учун ғамлаб қўйган.

Узоқбой САКСОНБОЕВ,
Андижон вилояти, Қўрғонтепа тумани.
Фахрий журналист.

You must be logged in to post a comment Login